31 май куни Наманган шаҳрида Ўзбекистон нотариусларининг II Миллий конгресси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Нотариал палатаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбир “Кўчмас мулк: Расмийлаштириш. Муаммолар. Таклифлар” мавзусига бағишланди.
Палата раиси Дилшод Ашуров модераторлик қилган Конгресс ишида 300 га яқин мутахассис, жумладан, Адлия вазирлиги, суд органлари, Юристлар малакасини ошириш институти, Кадастр агентлиги, нотариат соҳасининг миллий ва халқаро экспертлари ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан нотариуслар иштирок этди. Россия, Арманистон ва Озарбайжондан таклиф этилган хорижий мутахассислар ҳам тадбирда фаол қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов “Мулк ҳуқуқларини рўйхатга олишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида маъруза қилди. Маърузада даставвал кўчмас мулкни расмийлаштириш жараёнида фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийлик, ошкоралик ва адолат принципларини таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
А. Саидов мулк ҳуқуқи инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан бири эканлигини таъкидлаб, унинг давлат томонидан самарали ҳимоя қилиниши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мос бўлиши лозимлигини қайд этди. Шу билан бирга, бу борадаги муаммоларнинг ечими сифатида нотариуслар, судлар ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда аҳоли ҳуқуқий онгини юксалтириш таклиф этилди.
Конгресс доирасида, шунингдек, Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Ҳотамов, Давлат кадастрлари палатасининг Наманган вилояти бошқармаси вакили Дилшод Сотволдиев ва бошқаларнинг чиқишлари тингланди. Жумладан, Тошкент вилояти Зангиота туманидан иштирок этган нотариус Ўткир Мухторовнинг амалиётда учраётган муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган маърузаси ҳам иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Ўз навбатида, Наманган вилояти суди судьяси Нодира Аҳадова нотариал битимлардан келиб чиққан низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиёти ҳақида батафсил маълумот берди.
Хорижий экспертлар ўз давлатларида кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Конгресс якунида мулкка оид муносабатларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, замонавий ва инновацион ёндашувларни татбиқ этиш, мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш борасида тавсия этилган бир қатор таклифлар умумлаштирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.06.2025
- Кўришлар: 379
- Чоп этиш