Академик Акмал Саидов Наманган давлат университетида талаба-ёшлар билан учрашди

31 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов Наманган давлат университетида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги устувор йўналишлар, шунингдек, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида кенг қамровли фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Университет ректори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев “Академик ва ёшлар” рукнидаги учрашувни очар экан, меҳмоннинг илмий ва амалий фаолиятига алоҳида тўхталди.

Академик Акмал Саидов нафақат Ўзбекистон, балки халқаро майдонда ҳам юксак эътироф этилган етакчи ҳуқуқшунос, тажрибали дипломат ва таниқли жамоат арбоби сифатида тан олинганини таъкидлади. Машҳур ўзбек ҳуқуқшуноси бир қатор халқаро юристлар ассоциациялари, йирик ҳуқуқий институтлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, кўплаб фундаментал асар ва дарсликлар муаллифи ҳисобланади.

Академик А.Саидов талаба-ёшлар билан жонли мулоқотда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил тўхталди. У Конституциянинг ҳар бир банди замонавий давлат қурилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги энг илғор тамойилларга асосланганини таъкидлади.

Жумладан, Асосий қонунимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият этиб белгиланган. Ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, гендер тенглик, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалаларга алоҳида урғу берилган.

Мулоқот асносида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли, уларнинг халқаро ҳамжамият билан ўзаро алоқалари, миллий қонунчиликнинг халқаро стандартларга уйғунлашуви каби мавзулар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув талабалар учун нафақат назарий билимларни чуқурлаштириш, балки амалий кўникмаларни ривожлантириш, ҳуқуқий тафаккур ва маданиятни мустаҳкамлаш борасида муҳим қадам бўлди. Академик А.Саидов ёшларга мурожаат қилар экан, бугунги кунда ҳар бир фуқародан юксак ҳуқуқий саводхонлик, масъулият ва фуқаролик позицияси талаб этилаётганини қайд этди.

Талабалар ҳам саволлар билан чиқиб, ҳуқуқшунослик соҳасидаги долзарб муаммолар, адабиёт ва ҳуқуқнинг ўзаро боғлиқлиги, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро суд механизмлари, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори каби масалалар юзасидан фикр билдирдилар.

Учрашув сўнгида академик Акмал Саидов ўзининг турли йилларда чоп этилган, ҳуқуқшунослик, халқаро ҳуқуқ, конституциявий тизим, инсон ҳуқуқлари бўйича ёзилган 100 дан ортиқ китобини Университет кутубхонасига совға қилди.

Ўз навбатида, Наманган давлат университети раҳбарияти меҳмонга Университет рамзи туширилган эсдалик совғаларини топширди. Таниқли ҳуқуқшунос олим ушбу олий таълим даргоҳи талаба-ёшлари учун ҳуқуқий-маънавий етакчи сифатида эътироф этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Наманган давлат университети

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech