"Иқлим ўзгариши ва экология - болалар нигоҳида" танлови ғолиблари тақдирланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида "Тонг юлдузи" ҳамда "Класс!" республика болалар ва ўсмирлар нашрлари таҳририятлари ҳамкорлигида ташкил этилган "Иқлим ўзгариши ва экология - болалар нигоҳида" танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Миллий марказ директори Акмал Саидов олиб борди. Маълум қилинишича, танловга 2025 йил 12 февраль санасида старт берилган бўлиб, қисқа муддат ичида "Тонг юлдузи" ва "Класс!" таҳририятларига 300 дан ортиқ мақола, иншо ва бошқа ижодий ишлар келиб тушган.

Маросим давомида танлов иштирокчилари томонидан юборилган айрим ижодий ишлардан намуналар ўқиб эшиттирилди, видеороликлар намойиш этилди. Ёш ижодкорларнинг ижодий ишларида уларнинг табиатга бўлган меҳр-муҳаббати, экологик муаммоларга бефарқ эмаслиги ва ҳар бир ишда ўзига хос ёндашув яққол намоён бўлди.

Ғолиблар "Энг яхши мақола ва иншо" ҳамда "Энг яхши видеоролик" номинациялари бўйича диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёш авлодни она Ватанга садоқат, табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш, экологик билимларини ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Умиджон Қурбонов, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech