Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида таниқли шоир, таржимон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг "Отамнинг ҳовлиси" номли янги шеърий китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирини Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов очиб берди. У мазкур тадбирнинг Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно борлигини таъкидлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган болалар 13 млн нафардан кўпроқни, яъни жами аҳолининг қарийб 35 фоизини ташкил этади. Бу салмоқ ҳар йили тахминан 1 миллион нафарга кўпаймоқда.
Шу икки рақамнинг ўзи ҳам Янги Ўзбекистонда болаларга эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмаслигини яққол кўрсатиб турибди. Бинобарин, мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш энг устувор масала ҳисобланади.
"Отамнинг ҳовлиси" китоби айнан болалар аудиториясига мўлжалланган бўлиб, унда жой олган шеърларда болалар ва атроф-муҳит, табиат ва шеърият, инсон ҳуқуқлари ва экология ўртасидаги ўзаро боғлиқлик равон ҳамда тушунарли тарзда баён этилган.
Тақдимот чоғида "Тонг юлдузи" газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, болалар шоири Дилшод Ражаб ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқиб, китобнинг бадиий, тарбиявий ва экологик аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Китобда "Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида", "Бойликни болаликдан асранг!", "Онажоним табиат" каби танловларга келган болаларнинг ранг-баранг расмлари ҳам жой олган бўлиб, бу уни янада жозибадор қилган.
Тадбир якунида болалар мушоираси ўтказилди. Мушоирада фаоллик кўрсатган ўқувчи-ёшларга китоблар тақдим этилди.
Умиджон Қурбонов, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 03.06.2025
- Кўришлар: 273
- Чоп этиш