Қирғизистон парламентида Чингиз Айтматов номидаги институт вакиллари билан учрашув

9 июнь куни Бишкек шаҳрида Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Тўрағаси (Раиси) Нурланбек Турғунбек уулу Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Туркия Республикасидаги Чингиз Айтматов номидаги институт раҳбари, профессор Иляс Тупсакал бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда, шунингдек, ТУРКСОЙ Бош котиби, машҳур қирғиз адиби Султон Раев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди.

Томонлар қардош халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, маданият ва санъат арбобларининг ўзаро ижодий алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Мулоқот асносида 1993 йили таъсис этилган ТУРКСОЙ – Халқаро туркий маданият ташкилоти фаолияти доирасида бу борада изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, 2025 йил бошида Анқарада очилган Чингиз Айтматов номидаги институтнинг асосий вазифаси туркий дунёнинг атоқли адиби ижоди, ғоялари, мероси ва интеллектуал дунёқарашини халқаро миқёсда оммалаштириш ва тарғиб қилиш ҳамда Чингиз Айтматов ғоялари нуқтаи назаридан замонавий глобал дунё муаммоларига бағишланган мулоқот майдонлари яратишдан иборат эканлиги ҳақида сўз юритилди. Институт ташаббуси билан Чингиз Айтматов асарларини туркий ёзувда нашр этиш масаласи кўтарилгани қайд этилди.

 

Маълумот учун: Жорий йилнинг 10-14 июнь кунлари Бишкек шаҳрида «Чингиз Айтматов – туркий дунё келажаги» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтиши кутилмоқда. Форум ташкилотчилари – ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котибияти ва Чингиз Айтматов номидаги институт ҳисобланади.

Чингиз Айтматов институти директорлар кенгашига 14 киши киритилган. Улар орасида Туркиянинг таниқли сиёсий, маданий, интеллектуал ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда хорижий арбоблар бор. Академик А.Саидов ҳам Институт директорлар кенгаши аъзосидир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Кыргыз Республикасынын Жогорку Кеңеши

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech