Бишкекда Чингиз Айтматов ижодига бағишланган расмлар кўргазмаси очилди

10 июнь куни Бишкек шаҳрида жойлашган Гапар Айтиев номидаги Миллий тасвирий санъат музейида атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг ҳаёт йўли ва ижодидан руҳланиб яратилган расмлар кўргазмаси очилди. Ушбу маданий-маърифий тадбир «Чингиз Айтматов – туркий дунё келажаги» мавзусидаги халқаро форум доирасида ташкил этилди.

Кўргазманинг очилишида ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти бош котиби Султон Раев, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Анқара шаҳридаги Чингиз Айтматов институти раҳбари профессор Иляс Тупсакал, ушбу Институт директорлар кенгаши аъзолари, Қирғизистон давлат органлари намояндалари, жамоат арбоблари, олимлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари қатнашди.

Форум иштирокчиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов таъкидлаганидек, бугунги кунда бутун дунёда табиат, маданият, адабиёт ва санъатга эътибор айниқса ортиб бормоқда. Шу маънода, атоқли адибнинг фарзанди, Чингиз Айтматов Фонди президенти Элдор Айтматов ташаббуси билан Қирғизистон пойтахтидаги машҳур музейда ушбу кўргазма ташкил этилгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Маълумот учун: Гапар Айтиев номидаги Миллий тасвирий санъат музейига 1935 йилда асос солинган. Дастлаб Қирғизистон расмлар галереяси деб аталган мазкур музейга кейинчалик машҳур қирғиз рассоми Гапар Айтиев номи берилган. Музей Қирғизистоннинг етакчи бадиий хазинаси бўлиб, бу ерда қарийб 18 мингта санъат асари жамланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech