ЕКАТЕРИНБУРГ, 12 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган "Ҳуқуқ ва янги воқелик" мавзусидаги XVIII Европа-Осиё ҳуқуқий конгрессида иштирок этди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.
Бу йилги тадбир Россия, Арманистон, Беларус, Бразилия, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Ҳиндистон ва БАА делегатлари иштирок этди.
Улар орасида етакчи ҳуқуқшунослар, олимлар, сиёсатчилар ва тадбиркорлар бор. Конгресс доирасида 50 га яқин тадбир, жумладан, 14 панель муҳокамалари, еттита стратегик сессия ва тўққизта давра суҳбати ташкил этилди.
Академик Акмал Саидов Евро-Осиё ҳуқуқий конгресси ва "Қонуннинг юксалиши: давр қадамлари" ялпи мажлисида сўзга чиқиб, жаҳон тараққиёт тенденциялари, халқаро ҳамкорлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари, ҳуқуқий соҳа ва илм-фанга рақамлаштиришни жорий этиш масалаларига тўхталиб ўтди.
Ташриф доирасида Акмал Саидов Свердловск вилояти халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўринбосари Людмила Берг, вилоятнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Мерзлякова ва Урал давлат юридик академияси ректори Владимир Бублик билан учрашувлар ўтказди. Уларда халқаро ва миллий ҳуқуқ масалалари юзасидан фикр алмашилди, Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқшунослари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Европа-Осиё ҳуқуқий конгресси 2007 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Анжуман Урал давлат юридик университети ва Россия ҳуқуқшунослари ассоциация томонидан ташкил этилади.
- Қўшилди: 12.06.2025
- Кўришлар: 227
- Чоп этиш