Аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш: ютуқ ва муаммолар

12 июнь куни Тошкент шаҳрида “Самарали ва барқарор фуқаролик жамиятини барпо этиш орқали заиф қатламларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Европа Комиссияси томонидан молиялаштирилаётган «Minority Rights Group Europe» дастури ва Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар Ўзбекистонда заиф гуруҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни муҳокама қилдилар.

Тадбир очилишида «Minority Rights Group Europe» дастури мувофиқлаштирувчиси Нурангиз Ҳожарова, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази директори Диловар Кабулова ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова сўзга чиқди. Шунингдек, асосий маърузачи Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Рипманинг чиқиши тингланди.

Хусусан, Д.Муратова Миллий марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни амалга оширишда муҳим давлат институти ҳисобланишини қайд этди. Миллий маърузалар тайёрлаш ва БМТнинг тегишли қўмиталарига тақдим этиш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини таъминлаш, миллий стратегия ва йўл хариталарини амалга ошириш орқали халқаро шартномалар қоидалари босқичма-босқич амалга ошириб келаётганлигини таъкидлади.

БМТнинг Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш ҳолати бўйича ҳам қисқа ахборот берилди.

Иштирокчилар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида заиф қатламлар учун барчага тенг имкониятларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг инфратузилма ва жамоат хизматларидан эркин фойдаланишини таъминлаш зарурлиги юзасидан атрофлича фикрлашдилар. Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

Конференция доирасида бир қатор мавзуларга оид сессиялар ташкил этилди. Хусусан, «Заиф гуруҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро нормалар, камситишга қарши ички қонунчилик ва сиёсат», «Заифликлар кесишуви: ижтимоий заиф гуруҳларни ҳимоя қилишга инклюзив ёндашув», «Ўзбекистонда этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кенгайтиришда миллий маданият марказларининг ўрни» каби мавзуларга бағишланган муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда заиф гуруҳларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича бир қатор амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Хусусан, қонунчиликни янада такомиллаштириш, фуқаролик жамияти ташкилотларини молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, таълим ва иш билан таъминлаш соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech