12 июнда Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ҳам иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққан Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабоев янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий қоидалари, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг амалга оширилиши ҳақида маълумот берди. Маърузада миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича конституциявий ўзгаришлар натижаларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларини инобатга олган ҳолда, 2030 йилгача бўлган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегия лойиҳаси тайёрланганига алоҳида эътибор қаратилди.
"Конституциявий ўзгаришлар. Қонун ва тартиб" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман Қозоғистон Адлия вазирлиги ва мамлакатнинг Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот институти томонидан ташкил этилди. Унда Қозоғистонни конституциявий модернизация қилишнинг асосий жиҳатлари, бу янгиланишларнинг мамлакат сиёсий-ҳуқуқий тизимига таъсири, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир Қозоғистон ва хорижий мамлакатлар давлат ҳокимияти идоралари ҳамда илмий ҳамжамиятлари вакиллари ўртасида профессионал мулоқот майдонига айланди.
Иштирокчиларга Қозоғистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдамчиси Ержан Жиенбаев, Олий суд раиси Асламбек Мергалиев, Судьялар олий кенгаши раиси Дмитрий Малахов, адлия вазири Ерлан Сарсембаев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раиси Асхат Жумагали ва Молиявий мониторинг агентлиги раиси Жанат Элиманов, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев табрик сўзлари билан мурожаат қилди.
"Давлат раҳбари ташаббуси билан 2022 йилда киритилган конституциявий ўзгаришлар Қозоғистон жамияти томонидан қўллаб-қувватланди ва давлатимиз тараққиётида янги босқич бўлди. Сиёсий тизимни тубдан ўзгартириш демократик институтларни мустаҳкамлаш учун шароит яратди ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатини таъминлади. Давлат бошқаруви модернизация қилинди, унинг асосида "Эшитувчи давлат" тамойили ётади," – деди Қозоғистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдамчиси Ержан Жиенбаев ўз нутқида.
Анжуманга Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот институти директори, профессор Индира Аубакирова ва Парламент Мажлиси депутати, профессор Марат Башимов модераторлик қилди.
Маърузачилар орасида олий суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, парламент депутатлари, Қозоғистоннинг етакчи олимлари, Германия, Италия, Россия ва Ўзбекистондан келган профессорлар бор эди.
Маърузалар конституциявий одил судлов ва суд ислоҳотларидан тортиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий тизимларнинг қиёсий таҳлилигача бўлган кенг кўламли мавзуларни қамраб олди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.06.2025
- Кўришлар: 116
- Чоп этиш