14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида битирувчи курсантларга диплом ва “лейтенант” ҳарбий унвонини топшириш тантанали тадбири ўтказилди.
Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Маънавият ва маърифат маркази, Жамоат хавфсизлиги университети ва бошқа олий ҳарбий таълим муассасалари раҳбарлари, таниқли олимлар ва санъаткорлар, фахрийлар, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар ва курсантлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Ботир Қудратхўжаев сўзга чиқиб, вазирлик тизимида хизмат қилиш шарафли ишлигини, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, машаққатли меҳнат эвазига яратилган моддий бойликларни, энг муҳими, инсонлар ҳаётини турли табиий офатлардан, техноген авариялардан қутқариш, асраш энг катта савобли амаллардан эканлигини қайд этди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вазирлик замонавий техника ва қутқарув асбоб-анжомлари билан таъминлангани, халқимиз учун яқин, керакли ва ишончли тузилмага айлантирилгани, соҳа мутахассисларини тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Битирувчиларга диплом ва “лейтенант” ҳарбий унвони генераллар, академиклар ва бошқа масъул шахслар томонидан тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг фикрича, ҳар қандай давлатнинг жадал ривожланиши, ёрқин ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига қаратиладиган юксак эътибору ғамхўрлик даражасига чамбарчас боғлиқ бўлади. Янги Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт йўли бунга яққол мисолдир.
Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, ёшларимиз ҳақли равишда жонажон Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодирлиги, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Ҳақиқатан ҳам, ўз билим ва истеъдодини Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси битирувчилари каби дадил ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир. Бугунги навқирон офицерлар, ҳеч шубҳасиз, ушбу олий даргоҳда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда моҳирона қўллайдилар ҳамда мустақил юртимиз ободлиги ва жонажон халқимиз осойишталигини таъминлашга бор кучу шижоатларини сафарбар этадилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.06.2025
- Кўришлар: 254
- Чоп этиш