Ўзбекистон тажрибаси Женевада тақдим этилди

Швейцариянинг Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши тегишли резолюциясини амалга ошириш доирасида халқаро семинар бўлиб ўтди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси томонидан ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон тажрибаси ҳам намойиш этилди.

Семинар муносабати билан Миллатлар саройида БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари тўпланди. Учрашувда асосан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни амалга ошириш ва шартномавий органларнинг тавсияларини жорий этиш бўйича ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш стратегиялари, шунингдек, Универсал даврий шарҳ муҳокама қилинди, дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази маълумотида. 

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ютуқларидан фойдаланиш, айниқса, ихтиёрий миллий шарҳларни тайёрлаш, бу жараёнда миллий масъулият ҳамда ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қабул қилинган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида“ги қарор юқори баҳоланди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов ўз нутқида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни амалга ошириш самарадорлиги миллий мувофиқлаштириш механизмларининг сифати ва институционал етуклигига бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлади ва Ўзбекистоннинг миллий моделини тақдим этди. 

Бунда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатида миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳақида сўз юритилди. Қайд этилишича, 2020-2025 йилларга мўлжалланган биринчи стратегия 2020 йилда тасдиқланган ва бу мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича саъй-ҳаракатларни тизимлаштиришда муҳим қадам бўлди. Ҳозирги вақтда 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлаш ишлари якунланди. 

Халқаро семинар иштирокчилари миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳоладилар. 

А.РУСТАМОВ,  ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech