1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
«Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ. Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур». Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу фикрлари кейинги йилларда ҳаётимизга тобора кенг татбиқ этилмоқда.
Буни давлат раҳбарининг бу борадаги амалий фаолияти яққол тасдиқлайди. Айни фаолият доирасидаги биргина жорий йилнинг май ойига тааллуқли айрим мисолларга мухтасар тўхталамиз.
Биринчидан. Ўзбекистон Президенти 27 май куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ижрочи директори Кэтрин Расселни қабул қилди. Мулоқот асносида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига юқори баҳо берилиб, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтириш соҳасидаги миллий дастур қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда юксак даражага чиққани катта мамнуният билан қайд этилди. Ташкилот кўмагида мамлакатимизда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонун, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва болалар онкологиясига қарши курашиш соҳасида стратегик ҳужжатлар қабул қилингани бунинг ёрқин далилидир.
Ўзбекистон Президенти билан ЮНИСЕФ ижрочи директори келгусида қонунчиликни такомиллаштириш, болаларни парвариш қилиш ва қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, ижтимоий хизмат ва кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, миллий стандартларни ишлаб чиқиш, ижтимоий суғуртани кенгайтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш ва бошқа устувор йўналишларда қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.
Иккинчидан. Президент Шавкат Мирзиёев 23 май куни мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга табрик йўллади. Табрикда таъкидланганидек, “Бугунги кунда биз ўз олдимизга қўяётган буюк мақсадларни амалга оширишда бутун халқимиз қатори, билимли, ҳунарли, тадбиркор ва ватанпарвар, ҳар томонлама етук ёшларимизга таянамиз”.
Юртимизда келажагимиз эгалари бўлган навқирон авлод Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта бунёдкор куч сифатида иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, болажонларимизнинг замонавий илм ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тиллар, IT ва инновацион технологияларни, ижод ва тадбиркорлик соҳаларини пухта эгаллаши учун ҳозирги кунда 201 та олий ўқув юрти, 598 та техникум, кўплаб мономарказ ва технопарклар, кутубхоналар, маданият, санъат ва спорт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Учинчидан. Президентимиз раислигида 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда қайд этилишича, охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ 7 карра оширилган. Бу йил 60 триллион сўм ажратилган. Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўрин яратилди. Таълим дастурлари энг илғор мамлакатлар тажрибасига мослаштирилмоқда, дарсликлар янгиланаяпти, мактабларга замонавий жиҳозлар олиб берилаяпти.
Давлатимиз раҳбари ёшларни нуфузли хорижий университетларда ўқитиш масаласига алоҳида тўхталди. Фарзандларимиз жуда иқтидорли экани, фақат уларни тўғри йўналтириб, мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури бошланади, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилади.
Энди илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурлари ўзаро уйғунлашади. Бунинг учун боғча болаларини математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, боғча тарбиячиларининг малакаси, маҳорати ва психологик тайёргарлигини ошириш учун касбий сертификатлаш тизими жорий этилади.
Бундан ташқари, жорий йил апрелида Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг Болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалани қабул қилди. Мўътабар меҳмон Ўзбекистон етакчисининг болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болаларни можароли ҳудудлардан қайтариш, болалар меҳнатига барҳам бериш борасидаги самарали ислоҳотларини юқори баҳолади.
БМТ Махсус вакили мамлакатимизга расмий ташрифи якунлари бўйича ОАВ вакилларига берган интервьюсида давлатимиз раҳбари томонидан болалар зўравонлигига қарши татбиқ этилаётган ислоҳотларга ижобий муносабат билдирди. Унинг эътирофича, «Ўзбекистон тўғри йўлдан кетяпти. Бу йўлда энг муҳими – амалий натижага ўтиш. Президент ислоҳотларни бошлаб берди. Лекин шу билан бирга, прагматик раҳбар сифатида бу ислоҳотлар одамлар ҳаётида ўзгариш қилганини кўришни истайди».
Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда сўнги йилларда бола ҳуқуқларини тизимли ва ҳар томонлама таъминлаш борасида муайян ибратли тажриба тўпланди. Бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Авваламбор, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланди.
Миллий ҳуқуқий тизимда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу борада, айниқса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қонунчилик йўли билан оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида боланинг фикри инобатга олиниши белгилаб берилди. Парламентнинг қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам бу борада муҳим натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 2020 йил 10 мартда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ва ҳукуматнинг қўшма қарори асосида Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими жорий қилинди. Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди.
Шунингдек, 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилди. Улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жаҳоннинг аксарият мамлакатларида ёзнинг илк куни болажонлар учун катта байрам сифатида нишонланади. Бинобарин, 1949 йилда Парижда Хотин-қизлар халқаро демократик федерациясининг конгресси бўлиб ўтган. Ушбу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги чақириқ янграган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча болаларнинг соғлиги ва тинч-хотиржам ҳаётини сақлаш долзарб муаммога айланган эди. Шу тариқа 1950 йилдан эътиборан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади. Бундан кўзланган мақсад болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга эътибор қаратишдир.
Ер юзида, 2023 йилги маълумотга кўра, 333 миллион бола ўта қашшоқ яшаяпти. Бу борада яна бир ташвишли рақам: болалар – сайёрамиз миқёсида мажбуран кўчиб яшаётган 100 миллиондан ортиқ шахсларнинг 41 фоизини ташкил этмоқда. Шунинг учун бугунги кунда болалар қаерда яшашларидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ниҳоятда долзарбдир. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 92-сессиясида шу ҳақда баёнот берди.
Бутун дунёда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати дастлаб Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.
Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг 1992 йил 9 декабрда ўзбек парламенти ратификация қилган биринчи мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядир. Бу муҳим далил юртимизда болаларга бўлган юксак эътиборнинг ўзига хос намунаси ҳисобланади. Ушбу Конвенцияни жаҳон болаларининг ўзига хос халқаро Конституцияси дейиш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартномага қўшилган. Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидаларига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан имплементация қилинди. Ўзбекистон Президенти, парламенти ва ҳукумати томонидан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар изчил тўлдирилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий стратегиянинг шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлари асосида 2021 йил 12 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Қонунга биноан, аввало, Жиноят кодекси 1281-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарлик белгиланди. Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қилмиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганлиги кўзда тутилади.
Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёши 18 ёш этиб белгиланди. Шунингдек, Жиноят кодекси 1482-моддасининг иккинчи қисмига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилди.
Ўз навбатида, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида болаларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини сақлаш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш, илмий, ижодий, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ноёб иқтидори юзага чиқишига кўмаклашиш каби турли соҳаларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, етим ва ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ҳар томонлама таъминланмоқда.
Шундай қилиб, кейинги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилди, болаларнинг таълим олиш ва соғлиққа бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди, болаларнинг қарашларини ҳурмат қилишга оид ҳуқуқий асослар кучайтирилди, шу мақсадда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ташкилотлар таъсис этилди. Ногиронлиги бўлган ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланди.
Қуролли можаролар содир бўлаётган ҳудудлардан ўзбекистонлик болаларни қайтариш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш чоралари кўрилди. Аҳолининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлиги изчил оширилмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотлар ўз самараларини бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, фарзандларимизни ҳар томонлама муносиб ворислар этиб тарбиялаш нуқтаи назаридан жуда ҳам муҳим. Зеро, Нобель мукофоти соҳиби, атоқли инглиз адиби Бернард Шоу айтганидек, «Одам мамлакат ва инсоният учун қилиши мумкин бўлган энг катта хизмат – болаларини тарбиялашидир».
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 30.05.2025
- Кўришлар: 233
- Чоп этиш