“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади.

Ҳужжат муқаддимасида таъкидланганидек, 1991 йил 31 августда мард ва олийжаноб халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва азму қарори билан қўлга киритилган миллий истиқлолимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги барча ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги тарихий шароитда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айнан мустақиллик, барча сиёсий-ҳуқуқий кафолатларни ўзида мужассам этган ҳолда, “Ўзбекистон – 2030”  стратегиямизни амалга ошириш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда беқиёс таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ана шундай улкан аҳамиятини инобатга олиб, миллий истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллик шонли санасини Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда нишонлаш мақсадида қуйидаги 2 та ҳужжат:

биринчиси – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган байрам тадбирларининг ғоявий-бадиий концепцияси;

иккинчиси – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланди.

Республика комиссиясига, жумладан, жойларда Мустақиллик байрамининг юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамиятига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, умумхалқ сайиллари, маданият ва спорт тадбирларини самарали ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкорлар, маданият ва санъат арбоблари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиб бериш вазифаси юкланди.

Қарорда Мустақиллик байрамига бағишланган чора-тадбирларни амалга оширишда алоҳида эътибор қаратилиши зарур бўлган устувор йўналишлар қайд этилди. Шу асосда Мустақиллик байрамини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда муносиб нишонлаш учун тайёргарлик ишлари бошланди.

Байрам тадбирлари доирасида, шунингдек, “Она диёр – ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловлар ҳам ўтказилади. Танловларнинг ғолиб ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинади ва тантанали равишда тақдирланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech