«Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак. Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият». Бу фикрларни Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича видеоселектор йиғилишида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини танқидий таҳлил қилди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ўзини оқлаган “Халқ назорати” электрон порталини бутун республикада ишга тушириш, Халқ қабулхоналари ишини янгича асосда йўлга қўйиш ва фидойи мутахассислар билан тўлдириш каби ташаббусларни илгари сурди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ана шу вазифалар талабидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга эътибор янада кучайтирилди. Хусусан, Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ходимларининг иш шароитлари яхшиланди. Мурожаат қилувчиларнинг Миллий марказга кириб-чиқиши ва қабул қилиниши учун янада қулай имкониятлар яратилди.
Миллий марказга 2025 йилнинг 6 ойида жами 629 та мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига (712 та) қараганда 11,7 фоиз камайган. Ушбу мурожаатлардан 49 таси аноним мурожаатлар ҳисобланганлиги сабабли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3,6 ва 29-моддаларига биноан кўрмасдан қолдирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида Миллий марказ қабулхонасида жами 350 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган. Бу жараёнда 239 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари иш юритишга қабул қилинган, шунингдек, 111 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Шу йилнинг ўтган даврида Миллий марказга келиб тушган 580 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган. Яна 122 таси бўйича мурожжаат қилган фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши таъминланган.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 239 таси фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 341 таси алоқа воситалари (асосан почта алоқа тармоғи орқали), 37 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасининг Виртуал қабулхоналари орқали, 96 та мурожаат Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.
Мурожаатлар муаллифларининг 49,3 фоизи эркаклар, 45,9 фоизи хотин-қизлардир. Шунингдек, жамоавий келиб тушган мурожаатлар 4,8 фоизни ташкил этган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 86,7 фоизи – ариза, 13,1 фоизи шикоят ва 0,02 фоизи таклифлардан иборат.
Жорий йилнинг 6 ойида келиб тушган мурожаатлар 2024 йилнинг шу даврида келиб тушган мурожаатлар билан ҳудудлар кесимида таққосланганда, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидан мурожаатлар сони камайгани маълум бўлди. Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан мурожаатлар сони сезиларли даражада ортган.
Таҳлилларга қараганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (38,6 фоиз), Тошкент вилояти (16 фоиз), Қашқадарё вилояти (11,7 фоиз), Самарқанд вилояти (5,5 фоиз) ва Андижон вилоятидан (5,3 фоиз) келиб тушган. Айни ҳолат ўтган йилларда ҳам кузатилган.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 49,7 фоизи – ижтимоий-иқтисодий, 38,8 фоизи – шахсий, 10,7 фоизи – сиёсий ва 0,9 фоизи – маданий ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлардир.
Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг:
-
101 таси – фуқароларнинг одил судловга оид ҳуқуқларига тааллуқли мурожаатлар;
-
45 таси – суриштирув ва дастлабки тергов органларининг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан, шунингдек қарорларидан норозилик;
-
117 таси – турли давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ;
-
120 таси – шахсий мулк ҳуқуқларига доир;
-
60 таси – муносиб турмуш кечиришга тааллуқли;
-
61 таси – давлат органларига мурожаат қилиш билан боғлиқ;
-
29 таси – суд қарорлари ижросига оид мурожаатларни ташкил қилади.
Мониторинг натижасида ўтган йиллардаги каби 2025 йилнинг ўтган даврида келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп тушаётганлиги маълум бўлди.
Мамлакатимизда одил судлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва “Судлар тўғрисида”ги қонун талабларига биноан фақат судлар томонидан амалга оширилади, судларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда давлат тергов ва суриштирув органларининг фаолияти юқори турувчи орган ҳамда прокурорлар томонидан назорат қилиниши ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2025 йилнинг ўтган даврида мурожаатлар юзасидан 190 дан ортиқ тавсия юборилди. Шу мурожаат ва тавсияларнинг кўриб чиқилиши натижасида 24 та мурожаат қаноатлантирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди ҳамда қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари рўёбга чиқарилишида амалий кўмак берилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 6 ойи давомида телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 1 минг 300 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шу билан бирга, 122 та ҳолатда фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда фуқаролар ўртасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш ишларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада кейинги олти ойда Фарғона вилоятининг Бувайда ва Учкўприк туманларида учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Судларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кузатиш мақсадида 3 та суд жараёнларида Миллий марказ вакили иштирок этди.
Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган ва киритилган таклифлар асосида ижобий ҳал этилган мурожаатларнинг айримларига мухтасар тўхталамиз.
Хусусан, фуқаро Н.Ч.нинг Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими ходимлари томонидан суд қарори ижро этилмаётганидан норози бўлиб ёзган мурожаати тегишли тартибда ўрганиш ва чора кўриш учун 2025 йил 30 январь куни Бюронинг Сурхондарё вилоят бошқармасига тавсия хати киритилган.
Назорат тартибида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг Шеробод тумани, “Ғамбур” маҳалласи, Анорзор кўчасида жойлашган 0,27 га ер майдонини, ноқонуний равишда қурилган 95,87 кв.м ҳажмдаги пахса-лой девор, омборхона ва ҳожатхона бинолари буздирилган, ноқонуний эгалланган ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган. Мурожаат тўлиқ қаноатлантирилган ва муаллиф ташаккурнома билдирган.
Бундан ташқари, фуқаро М. Ю. 2025 йил 14 апрелдаги мурожаатида турмуш ўртоғи И.Ю.га оид жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари, суд ҳукми ва бошқа ҳолатлардан норозилигини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 2024 июлдаги ҳукмига асосан И.Ю. Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва хозирда Навоий вилоятидаги 5-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётганлиги аниқланган.
Муаллиф мурожаатида турмуш ўртоғининг соғлиги жазони ижро этиш колониясида кескин ёмонлашганлиги сабабли маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада даволанишида амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига хат юборилиб, натижаларига кўра ихтисослашган касалхонага даволанишга ётқизилган. Мурожаат ижобий ҳал қилинган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Отабек НОРБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи;
Фарида ХАКБЕРДИЕВА,
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси
- Қўшилди: 25.07.2025
- Кўришлар: 290
- Чоп этиш