Олий судда “Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини суд орқали ҳимоя қилишда қонунчиликни қўллаш амалиёти ва муаммолари” мавзусидаги конференция ташкил этилди.
Маълумки, шахснинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш – шахснинг ва унинг эзгу номини муҳофаза этишнинг энг муҳим конституциявий кафолатларидан биридир.
Ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ва аноним алоқа тармоқларининг шиддатли ривожланиши бу соҳада суд ҳимояси учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Натижада суд ишлари янада мураккаблашиб, масъулият ошиб бормоқда.
Конференцияда шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича низолар юзасидан суд амалиёти қандай шаклланаётгани, бу соҳада қандай муаммоларга дуч келинаётгани ҳамда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш учун қандай чора-тадбирлар кўриш зарурлиги ҳақида ўзаро фикр алмашилди.
Ушбу муаммонинг долзарблиги нафақат ҳуқуқий, балки номоддий неъматларни ҳимоя қилишнинг ижтимоий аҳамияти билан ҳам белгиланади. Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар илгаригидан ҳам тезроқ ва кенг миқёсда тарқалмоқда.
Фуқароларимиз ўз обрўси ва қадр-қимматига қилинган ҳар қандай тажовузларга нисбатан адолатли, тез ва малакали муносабат билдирилишини истамоқда.
Сўнгги йиллар статистикаси шундай ишлар сонининг барқарор ўсиш тенденциясини кўрсатяпти.
Хусусан, 2023 ва 2024 йилларда жами 44 (2023 йилда 22, 2024 йилда 22) фуқароларнинг шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фуқаролик ишлари кўриб чиқилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмининг ўзида бу рақамлар каррасига кўпайиб, 47 фуқаролик ишини ташкил қилган ва мазкур ишларнинг 37 таси ёки 79 фоизи қаноатлантирилиб, жавобгарлардан 23,7 миллион сўм моддий ва 403,6 миллион сўм маънавий зарар ундирилган.
Статистик маълумотлардан кўриш мумкинки, судлар шаън ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича тобора кўпроқ даъво талабларини кўриб чиққан. Аксарият ҳолларда даъво талаблари қаноатлантирилган. Айниқса, интернет нашрларига оид бундай ишлар сони сезиларли даражада ортган. Бу тенденция бизнинг олдимизга содир бўлаётган воқеаларни илмий-амалий жиҳатдан тушуниш вазифасини қўймоқда.
Суд амалиёти олдида турган муаммолардан бири сифатида ушбу тоифадаги ишлар бўйича далилларни баҳолашнинг ягона стандартлари йўқлиги, маълумотларнинг обрўга путур етказувчи хусусиятини аниқлашда турлича ёндашувлар, маънавий зарарни қоплаш миқдорини белгилашдаги қийинчиликлар, шаън, қадр-қимматни ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва сўз эркинлиги ўртасидаги мувозанат мезонларининг ишлаб чиқилмагани, рақамли манбалардан ахборотни ўчириш ва уни блоклаш билан боғлиқ масалаларнинг етарли даражада тартибга солинмаганини санаб ўтиш мумкин.
Ўхшаш вазиятларга турлича ёндашувлар мавжуд бўлган шароитда шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётининг бир хиллигини таъминлаш зарур.
Шу муносабат билан сўнгги 2-3 йилдаги ушбу тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини ҳар томонлама умумлаштириш, айни пайтда 1992 йил 19 июндаги Олий суд пленумининг “Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати
ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларни қўллаш тўғрисида”ги қарорининг янги таҳририни замонавий тенденцияларга мутаносиб янги таҳрирда ишлаб чиқиш, судьялар ва жараён иштирокчилари учун махсус услубий материаллар ва амалий қўлланмалар тайёрлашни йўлга қўйиш зарур.
Амалиётни умумлаштириш нафақат муаммоли нуқталарни ва ижобий мисолларни аниқлаш имконияти, балки янги стандарт ва тавсияларни ишлаб чиқиш учун самарали воситадир.
Тадбирда бугунги кунда судларимизга интернет ва бошқа рақамли муҳитларда маълумотларни тарқатиш ҳолатларига нисбатан анъанавий қонун нормаларини қўллаш, шунингдек, фикр ва фактик баёнотларни фарқлаш бўйича аниқроқ тушунтиришлар кераклиги қайд этилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 31.07.2025
- Кўришлар: 212
- Чоп этиш