УРУМЧИ, 1 август. /"Дунё" АА/. Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районига амалий сафар билан бугун келган Ўзбекистон делегацияси вакиллари Урумчи халқаро қуруқлик порти фаолияти билан танишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Урумчи халқаро қуруқлик порти 2011 йилда ташкил этилган. Мазкур йирик лойиҳани амалга оширишдан мақсад Хитойни Европа бозорлари билан боғлашдир. Ушбу порт орқали жўнатилаётган юк поездлари ва автомобилларнинг бир қисми Қозоғистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Эрон орқали Ғарбий Осиёга кириб боради. Мазкур порт ташкил этилганидан буён Хитойдан Европага 6700 та юк поезди юборилган.
Айни пайтда бу ердан дунёнинг 19 давлати ва 26 шаҳрига юклар жўнатиляпти. Эътиборлиси, 2022 йил 30 июлда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон биринчи юк поездининг ҳаракати йўлга қуйилди. Ўзбекистон вакиллари портда яратилган имкониятлар, юкларни сақлаш ва жўнатиш бўйича шароитлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қилинаётган ишлар ва лойиҳалар билан билан танишдилар.
Ўзбекистон делегация вакиллари шу куннинг ўзида Урумчи халқаро тўқимачилик савдо марказида бўлди.
Хитойдаги йирик халқаро тўқимачилик савдо марказларидан бири бўлган ушбу мажмуа логистика маркази, тўқимачилик ва пахтачилик саноати тарихи музейи ва шоу-румни ўз ичига олади.
Марказдаги шоу-румда Шинжон-Уйгур автоном районида етиштирилган пахтадан тайёрланган миллий матолар ва тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Шунингдек, иқтисодиётининг асосий тармоқлари салоҳияти тақдим этилмоқда.
Урумчи халқаро тўқимачилик савдо марказидаги маҳсулотлар сифати ва арзонлиги билан халқаро бозорлар эътиборини тортмоқда. Марказ мутасаддиларининг айтишича, логистика имкониятларини кенгайтириш мақсадида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон томони билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар давом этмоқда.
- Қўшилди: 04.08.2025
- Кўришлар: 171
- Чоп этиш