БМТ Ўзбекистон ташаббуси билан экологияга оид резолюцияни қабул қилганига бир йил тўлди

Бундан роппа-роса бир йил аввал, яъни 2024 йил 14 августда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” резолюциясини бир овоздан қабул қилганди.

 Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган, республикани кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси концепциясига асосланган. Резолюцияда давлатимиз раҳбарининг Бош Ассамблеянинг 78-сессияси ва БМТ Иқлим бўйича 28-конференциясида билдирилган иқлим ўзгариши ва ерларнинг деградациясига қарши курашиш борасидаги асосий таклифлари ўз ифодасини топган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизи минтақасини "яшил ҳудуд"га айлантириш, чўлланишнинг олдини олиш борасида катта ишлар қилинмоқда. Президентимиз томонидан билдирилган таклифларда айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Соҳа экспертларининг фикрича, Ўзбекистоннинг бу борадаги таклифлари халқаро даражада эътиборга олиниб, алоҳида резолюция қабул қилиниши мамлакатимиз учун жуда катта аҳамиятга эга. Ушбу резолюция долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишда юртимизга турли грантлар, илғор техника воситалари, тажрибалар олимларни жалб этиш, йирик фондлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга имкон беради.

Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Белгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғулистон, Марокаш, Уммон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилган.

Резолюцияда ўрмонларни барқарор бошқариш ва дарахт ўтқазишнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик афзалликлари ҳар томонлама қайд этилган. Уларнинг биологик хилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатларини юмшатиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси, жумладан, камбағалликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ҳиссаси алоҳида таъкидланади.

Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётганини қайд этиш лозим. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамлангани бунинг яққол тасдиғидир.

Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини  кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга  ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз. Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати  тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури –  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегияларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра юз карра кўпроқ эътибор берилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил юртимизда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилингани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида юртимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди ҳамда изчиллик билан амалга оширилмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech