Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил 29 августда “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини қабул қилди. Қарорнинг асосий мақсади – ташаббусли бюджет жараёнларида халқ вакилларининг ролини ошириш, сайловчилар билан уларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш орқали фуқароларнинг фаоллигини таъминлашдир.
Қарорга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташаббусли бюджет жараёнларини мувофиқлаштириш, лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан парламент назоратини олиб бориш учун 11 нафар депутатдан иборат парламент комиссияси ташкил этилади.
Депутатлар 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили ташаббусли бюджет жараёнларида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаёти ва ҳудудни ривожлантиришга таъсир қиладиган 2 та лойиҳани (ҳар мавсумда 1 тадан) “Очиқ бюджет” ахборот порталида танлайди. Мазкур танлов лойиҳани республика бюджетидан молиялаштириш учун асос ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур жараёнларда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга 1 йилда 2 мавсумга БҲМнинг 8 минг баравари миқдорида маблағ ҳар йилги республика бюджетида назарда тутилади.
Ташаббусли бюджет жараёнларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш амалиёти 2026 йил 1 февралдан эътиборан жорий этилади.
Ташаббускор аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоизи ихтиёрий равишда молиялаштирилганда лойиҳалар ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилади.
Шундай қилиб, мазкур қарор талабларига кўра, халқ вакиллари, яъни маҳаллий Кенгаш депутатлари ва бошқа вакиллар ташаббусли бюджет жараёнларининг ҳар бир босқичида фаол иштирок этади. Вакиллар сайловчилар билан мунтазам алоқада бўлиб, уларнинг таклифларини эшитади, лойиҳалар бўйича фикр-мулоҳазаларни йиғади ва жараённинг шаффофлигини таъминлайди.
Қарор доирасида ташаббусли бюджет лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан назорат кучайтирилади, шунингдек, лойиҳаларнинг самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилади. Бу, ўз навбатда, ташаббусли бюджет жараёнларининг самарадорлигини оширишга ва жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.09.2025
- Кўришлар: 310
- Чоп этиш