Президент Шавкат Мирзиёев: “Мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади”

2 сентябрь куни юртимиздаги 10 мингдан зиёд мактабда дарслар бошланиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллик байрамига уйғун ҳолда “Билимлар куни” бўлиб ўтмоқда. Ушбу шукуҳли айём муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табрик йўллади.

Давлат раҳбарининг табригида таъкидланганидек, кейинги йилларда бутун юртимиз каби мактабларимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, улар том маънода Янги Ўзбекистон тимсолига айланиб бораётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Чунки мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади. 

Шу маънода, мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнлари тобора такомиллашиб бораётгани, ҳар йили кўплаб янги ўқув масканлари барпо этилаётгани, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, мактаб иши умумхалқ ҳаракатига айлангани – кейинги даврда эришган энг катта ютуқларимиздан бири, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Чиндан ҳам, кўзлари илмга ҳавас ва ҳаяжон билан чақнаб турган сиздек азму шижоатли ёшларимизга  юксалиш ва камолот, бахт ва саодат эшикларини очиб берадиган муқаддас даргоҳ – мактабларимиз равнақида биз халқимиз, миллатимизнинг ёруғ келажагини кўрамиз. Бугунги кунда ўз олдимизга қўяётган катта-катта мақсадларга эришишнинг асосий омили, бош калитини, аввало, таълимда, мактабларимизда, деб биламиз. 

Сўнгги йилларда ўқувчи ёшларимиз ҳурматли устоз ва мураббийлари билан биргаликда ана шундай юксак эътиборни чуқур ҳис этиб, ўқишда, ижодда, спортда, жамоат ишларида муҳим ғалабаларни қўлга киритаётгани бизга албатта қўшимча куч-ғайрат, илҳом ва ишонч бағишлайди. 

Кўплаб мактаб битирувчилари мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари билан бирга хориждаги етакчи университетларга юқори балл билан ўқишга кираётгани, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига улкан ҳисса қўшаётгани ҳаётимизда мактабнинг, устоз-мураббийларнинг аҳамияти янада ортиб бораётганини кўрсатади. 

Ўзбекистон Президенти Ватанимиз ўқувчи-ёшлари ана шундай эзгу анъаналарни муносиб давом эттириши ва юксак босқичга кўтаришига комил ишонч билдирар экан, уларга қуйидаги эзгу ниятларини изҳор этди:

“Ҳеч қачон унутманг, мактаб – бу мўъжиза, китоб, устозлар ўтадиган ҳар бир дарс – беқиёс хазинадир. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва қобилиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган марраларга албатта етасиз. Бу йўлда сизларга сиҳат-саломатлик, ютуқ ва зафарлар тилайман”.

Маълумот учун: янги ўқув йилида “Биринчи қўнғироқ”лар жаранги остида 720 мингдан ортиқ ўғил-қиз мактаб остонасига илк бор қадам қўйди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech