Миллий марказда EХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази вакиллари билан учрашув

3 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан Eвропада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Низоларнинг олдини олиш маркази директори К.Фирон ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда EХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси А.Картунен, EХҲТ Низоларни олдини олиш марказининг Марказий Осиё бўлими бошлиғи Л.Ленгфорд, EХҲТнинг Швецариядаги доимий вакили Р.Негели, EХҲТнинг Финландиядаги доимий вакили М.Нувонен ҳам иштирок этди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенгликни илгари суриш, шунингдек, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муомалага йўл қўймаслик бўйича превентив чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, ҳуқуқий институтларни мустаҳкамлаш ва халқаро мажбуриятларга риоя этиш соҳасида миллий салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган қўшма дастурларни амалга ошириш йўналишида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорлик юқори даражада экани қайд этилди.

EХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази директори К. Фирон тақдим этилган маълумот учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон томони конструктив мулоқотга ижобий муносабатда эканини эътироф этди.

Суҳбат давомида К. Фирон Ўзбекистон вакилининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзолигига сайланишига ижобий баҳо берди. Таъкидланганидек, ушбу воқелик ҳақли равишда мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва илгари суриш борасидаги изчил ва илғор саъй-ҳаракатларининг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи сифатида баҳоланмоқда. Меҳмоннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам нисбатан қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида барқарор ижобий ўсишга эришди.

Мулоқот асносида гендер ва маиший зўравонликка қарши курашиш мавзусида ҳам фикр юритилди. Хусусан, Қирғизистон билан бир қаторда, минтақада биринчилардан бўлиб гендер зўравонлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутган Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари ижобий баҳоланди. Ушбу йўналишда, жумладан, изчил норматив-ҳуқуқий трансформация ҳисобига миллий даражада салмоқли натижаларга эришилгани қайд этилди.

Томонлар шу кунга қадар йўлга қўйилган самарали ҳамкорликдан мамнунлигини изҳор этиб, келгусида ҳам инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократик институтларни ривожлантириш йўналишида қўшма ташаббусларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шу мақсадда қатор қўшма тадбирлар, экспертлар даражасидаги маслаҳатлашувлар ҳамда амалий семинарлар ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашув самимий ва амалий руҳда ўтди. Томонлар кенг кўламли масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашиб, ЕХҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech