12 сентябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари – болалар омбудсманлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Қирғиз Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Асел Чинбаева, Тожикистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Мижгона Бобожонзода, Қозоғистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Динара Закиева, Туркманистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Яздурсун Гурбанназарова, Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова иштирок этди.
Учрашув аввалида Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова Марказий Осиё мамлакатларининг бола ҳуқуқлари бўйича вакилларига мамлакатимизда бола ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумот берди. Хусусан, аҳолисининг 35 фоизини болалар ташкил этган Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилган мажбуриятларига содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ шартномавий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан 2024 йил 21 февралда “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарор қабул қилинди. Мазкур қўшма қарор ижрога қаратилиб, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, учрашувда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асослари ва уларнинг барча соҳаларда тизимли ишлашида таъсирчан парламент назоратининг ўрни алоҳида таъкидланди. Айниқса, кейинги йилларда мактабгача таълим билан қамровнинг ошганлиги, хотин-қизлар таълими ва бандлигини таъминлаш ҳамда болаларга нисбатан зўравонликка қарши чораларга оид миллий тажриба мулоқот иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Суҳбат давомида болалар ҳуқуқларини таъминлашда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда ва уларнинг тавсиялари асосида амалий ишларни жорий этишда парламент ҳамда барча давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаол иштироки муҳим эканлиги таъкидланди. Учрашув самимий ва амалий руҳда ўтди.
Тадбир якунида меҳмонлар “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти билан танишдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.09.2025
- Кўришлар: 68
- Чоп этиш