24 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Марказ директори А.Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими раҳбари М.Богнер билан учрашди.
Учрашувнинг асосий натижаси келгуси йил учун Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини халқаро стандартларга мувофиқ янада ривожлантириш ва ҳимоя қилишга қаратилган ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш бўлди.
Самарали мулоқот давомида томонлар кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилди. А.Саидов ҳужжат лойиҳасида халқаро ҳамкорлар, жумладан, Универсал даврий шарҳ доирасида ва БМТнинг шартномавий органларидан олинган тавсиялар ўз аксини топганини маълум қилди.
Ўз навбатида, М.Богнер Ўзбекистондаги изчил ва қамровдор ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Мамлакат халқаро мажбуриятларини изчиллик билан амалга ошираётгани муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар 2026 йил кузида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Суҳбат давомида ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Миллий марказ негизида БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳужжатларининг электрон ресурс базасини яратиш ҳамда бюджет масалалари бўйича қўшма семинарлар ўтказиш ташаббуслари муҳокама қилинди.
М.Богнер гендер зўравонлигига қарши курашиш, фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби муҳим мавзулар унинг офиси учун устувор йўналишлар бўлиб қолаётганини қайд этди.
Учрашув очиқлик ва ўзаро тушуниш руҳида ўтди. Томонлар самарали шерикликни янада мустаҳкамлашга ўзаро тайёрликларини тасдиқлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.09.2025
- Кўришлар: 173
- Чоп этиш