Ўзбекистон вакиллари ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси йиғилишида иштирок этди

205 йил 25 сентябрь куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис гибрид форматда – оффлайн ва онлайн тарзда ташкил этилди.

Мажлис Исроил томонидан Қатарга қарши амалга оширилган ноқонуний ҳарбий ҳужумнинг инсонпарварлик ва ҳуқуқий оқибатларини муҳокама қилиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларни баҳолаш мақсадида ўтказилди. Йиғилиш кун тартиби доирасида инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари кўриб чиқилди, Қатар халқини ҳимоя қилиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган амалий таклифлар билдирилди. Шунингдек, Қатар давлати ва халқи билан ҳамдардлик баёноти қабул қилинди.

Мажлис Қуръон оятлари тиловати билан бошланди. Шундан кейин ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ижрочи директори Ҳади Али Алямий ҳамда Комиссия раиси Ҳажи Али Ачикгул мажлис иштирокчиларига мурожаат этди.

Шунингдек, ИҲТ Бош котиби Ҳиссеин Брахим Таҳанинг кириш сўзини унинг номидан Бош котиб ўринбосари, элчи Самир Бакр Диаб томонидан ўқиб эшиттирилди. Мажлисда, шу билан бирга, Қатар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси раиси Марям Абдулла Ал-Аттия ҳамда Саудия Арабистони Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Ҳала Мазйед Алтувайжрий нутқ сўзлади.

Барча маърузаларда Қатардаги мавжуд вазият юзасидан ташвиш изҳор этилди ҳамда ИҲТ доирасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳаракатларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон томонидан – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасидан Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзоси Мирзатилло Тиллабаев онлайн тарзда, Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотидаги доимий вакил Нодиржон Турғунов эса оффлайн иштирок этди.

Миллий марказ вакили ўз чиқишида халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларнинг бузилиши оқибатларига алоҳида эътибор қаратди. Бунда давлатимиз раҳбари 2025 йил 15 сентябрда Доха шаҳрида бўлиб ўтган Араб-Ислом саммитида қардош Қатар халқини ва барча мусулмон мамлакатларини қўллаб-қувватлашда Ўзбекистоннинг қатъий бирдамлигини билдиргани ҳамда Яқин Шарқдаги сўнгги ҳарбий тажовузни кескин қоралагани эслатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида қайд этганидек, Ғазо секторида тобора оғирлашиб бораётган гуманитар инқирозни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Шу билан бирга, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш, сиёсий музокараларни қайта тиклаш ва БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки халқ – икки давлат” тамойилини амалга ошириш зарурлигини яна бор қатъий таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech