28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни
Дунё мамлакатларида аҳолининг ахборотга бўлган ҳуқуқлари қанчалик таъминланганини назорат қилиш вазифаси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ЮНЕСКО зиммасига юкланган. Шунинг учун 28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни даставвал ЮНЕСКОнинг 2015 йилдаги резолюцияси асосида эълон қилинган бўлса, 2019 йилда БМТ Бош Ассамблеяси уни халқаро саналар тақвимига киритган.
Ушбу халқаро сана 2025 йилда “Рақамли даврда экологик ахборотдан эркин фойдаланишни таъминлаш” мавзусига бағишланди. Дунё тобора рақамлашиб бораётган ҳозирги замонда экологияга оид ахборотга ўз вақтида, кенг кўламда ва чегаралардан қатъи назар эга бўлишдек ҳаётий зарур масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда муҳим. Бугунги кунда бу мавзу иқлим ўзгаришлари оқибатларидан қаттиқ азият чекаётган Жанубий-Шарқий Осиё минтақаси учун айниқса долзарбдир.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, экологик маълумотлар иқлим ўзгариши, ҳавонинг ифлосланиши, биоранг-барангликнинг бузилиши ва турли офатларнинг оқибатларига оид ахборотни ўзида мужассам этгани учун миллий чегаралар сарҳади билан чекланиб қолмайди. Бу, ўз навбатида, бундай ахборот билан алмашинувни ўзаро ҳамкорликда, шаффоф ва инновацион муҳитда глобал даражада йўлга қўйишни тақозо этади. Бунда ушбу мавзудаги маълумотлар иқлим ўзгариши туфайли экологик хатарлар таҳдиди остида яшаётган аҳоли учун айниқса зарур эканлигини назарда тутиш лозим.
Жорий йил 29-30 сентябрь кунлари Манила шаҳрида Ахборотдан эркин фойдаланиш масалалари бўйича глобал конференция бўлиб ўтмоқда. ЮНЕСКО ва Филиппин ҳукумати томонидан ташкил этилган ушбу халқаро анжуман 28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни, деб эълон қилинганининг 10 йиллигига бағишланган.
БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадлари тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, халқаро ҳамжамият кенг жамоатчиликнинг ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлиши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, ахборот эркинлиги – демократиянинг ҳал қилувчи таянчларидан биридир.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”.
Ахборот эркинлиги – инсоннинг асосий ҳуқуқи. У эркинликнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ҳимоясига олган барча турлари учун мезон саналади.
Оммавий ахборот воситаларининг тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва ирқчилик ҳамда апартеид ва урушга гижгижлашга қарши курашдаги ҳиссасига оид асосий принциплар тўғрисидаги декларациянинг 2-моддасида қайд этилганидек, “инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг таркибий қисми сифатида эътироф этиладиган фикр, уни ифодалаш ва ахборот эркинлигини амалга ошириш тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир”.
Халқимиз 2023 йил 30 апрелда овоз берган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фикр, ахборот ва матбуот эркинлигини таъминлашга қаратилган нормалар сони ортди ва конституциявий кафолатлар янада мустаҳкамланди. Бу ҳам ахборот эркинлиги тақозосидир. Бинобарин, “Шоҳсен – огоҳсен, огоҳсен – шоҳсен”, дейди донишлар.
Оммавий ахборот воситалари бутун дунёда “тўртинчи ҳокимият” дея таърифланиши бежиз эмас. Нега деганда, ахборот – ҳокимият, куч-қудрат, салоҳият деганидир. Ҳар бир шахс ахборотдан эркин хабардор бўлишининг таъминланиши, ўз навбатида, очиқ ва баркамол, инклюзив ва маърифий жамият барпо этишнинг тамал тоши бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қаердаки оммавий ахборот воситалари очиқлиги ҳақида гап кетса, соҳа вакилларини фаол бўлишга даъват этади, доим ахборот эркинлигини қўллаб-қувватлашини, журналистлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъкидлайди. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни 2016 йилдан буён кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам нишонланади. Шу муносабат билан айни сана арафасида дунёнинг турли давлатларида ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилинади.
Аслида ҳам, ахборотни эркин олиш ҳуқуқи – ҳам қонуний, ҳам инсоний жиҳатдан долзарб масала. Аммо ушбу жараёнда яна бир муҳим жиҳат – ахборот олиш ва тарқатишдаги зарур шароитларни яратиб бериш талаби борлигини унутмаслигимиз керак.
Бу ўринда рақамли бошқарув ва сунъий интеллект имкониятларидан, жумладан, турли овозли роботлар, ёзма чатларда жавоб берадиган ҳозиржавоб машиналар ва бошқа инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш масаласи кўзда тутилмоқда. Бундай технологиялар ахборотнинг қоғоздан аудиога, аудиодан видеога айланиб юриши сингари рақамли жараёнларни таъминлаб беради. Яъни истеъмолчи ахборотни исталган шаклда олиш имкониятига эга бўлади.
Бу, ўз навбатида, жамиятимиздаги имконияти чекланган инсонларнинг ҳам тўлиқ ахборот олишига йўл очади. Энг асосий масала: инсонларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқини таъминлашда давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар, умуман, барча ахборотлар шундай осон шаклда етказилиши керакки, уни топишда қийинчилик бўлмасин.
Ҳозирги кунда ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси, бир томондан, мамлакатимизда сўз эркинлигини тўла таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситаларидан ижтимоий масъулиятни теран англашни ҳам тақозо этади.
Мухтасар айтганда, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар жадал тараққий этиб ҳамда тобора глобаллашиб бораётган ҳозирги даврда ахборот эркинлиги имкониятларидан фойдаланишнинг ўзига яраша ижтимоий юки ҳам борлигини унутмаслик даркор. Зотан, ҳар қандай эркинлик, агар уни суиистеъмол қилинмаса, пировардида том маънода тинчлик ва фаровонлик, барқарорлик ва тараққиёт, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик омилига айланади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 29.09.2025
- Кўришлар: 344
- Чоп этиш