Газетамизнинг олдинги сонида (2025 йил 25 сентябрь, 40-сон) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон ва бепул юридик ёрдам” сарлавҳали мақоласи эълон қилинганди. Мақолада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида 2023 йилда қабул қилинган "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилган.
Мақола муаллифи, жумладан, бугунги кунда аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб 60 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритаётганига эътиборни қаратган. Бунга мисол сифатида туман ва шаҳарларда 140 дан ортиқ бюрога эга бўлган "Мадад" ННТ томонидан 2019 йилдан 2025 йилгача 1,6 миллиондан ортиқ фуқарога бепул юридик ёрдам кўрсатилгани, давлат органлари билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган 30 мингдан зиёд маърифий тадбир ўтказилганини қайд этган.
Мақола газетхонларимиз ўртасида сезиларли қизиқиш уйғотди. Эътиборингизга ҳавола этилаётган қуйидаги мақола ҳам ана шу қизиқиш ва эътиборнинг амалий ифодасидир.
ТАҲРИРИЯТ
Янгиҳаёт туман ҳуқуқий маслаҳат бюросига 7 ойда – 1 минг 436 фуқаро мурожаат қилди
Аввало, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил топганига шу кунларда 6 йил тўлганлигини таъкидлашни истардик. Бинобарин, ушбу ННТ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида иш бошлаган.
Ушбу муассаса аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада яхшилаш, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил қилинган.
«Мадад» — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотидир. Унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, туман ва шаҳарларда ҳуқуқий маслаҳат бюролари мавжуд.
Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майда қабул қилинган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони алоҳида аҳамиятга эгалигини қайд этиш зарур. Чунки Фармоннинг 3-банди доирасида “Мадад” нодовлат нотижорат ташкилотининг туман ҳуқуқий маслаҳат бюроларининг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Бу вазифалар фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул ёрдам кўрсатишга қаратилганлиги жуда муҳим. Бунда фуқароларга, жумладан, онлайн маслаҳат ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш, низоларни судгача суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш ҳақида сўз бормоқда.
Шуни алохида таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани ҳуқуқий маслаҳат бюросига 2025 йил 7 ойи давомида 1 минг 436 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, уларга тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Шундан 110 нафар фуқаронинг мурожаатлари бўйича судларга ариза ва даъво аризалари бепул тайёрлаб берилган.
Мурожаат қилган фуқароларга тегишли давлат органларига аризалар тайёрлаб беришда ҳам атрофлича ёрдам кўрсатилди. Жумладан, ушбу даврда йўлланган жами мурожаатларнинг 30 фоиздан ортиғини Кам таъминланганлар ижтимоий ягона реестрига, “Аёллар дафтари”га киритилганлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар ташкил этади.
Янгиҳаёт тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси ҳуқуқшунослари кўмагида судларга тайёрлаб берилган ариза ва даъво аризаларининг 50 фоиздан зиёди никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва моддий ёрдам кўрсатиш масалаларига тааллуқлидир.
Бундан ташқари Ўзбекистон Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси, туман адлия бўлими, Давлат хизматлари ва юридик хизмат кўрсатиш марказлари билан биргаликда 30 дан ортиқ махалла, корхона, ташкилот ҳамда таълим муассасаларида сайёр қабуллар ўтказилди. Жойлардаги бундай жонли мулоқотларда ҳам асосий эътиборни жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга қаратиб келмоқдамиз.
Мухтасар айтганда, Конституциямиз, Ўзбекистон Президенти Фармони ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан зиммамизга шарафли ҳамда ўта масъулиятли вазифалар юклатилганлигини яхши тушунамиз. Шундай экан, аҳолига, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга улар учун қулай, дейлик, онлайн тарзда ҳам бепул юридик кўрсатишда изчил давом этамиз.
Нишонбой ХОЖАЕВ,
Тошкент шаҳридаги Янгиҳаёт туман ҳуқуқий маслаҳат бюросининг бош мутахассиси – раҳбари,
Биринчи даражали адлия маслаҳатчиси
«Куч – адолатда» газетасининг 2025 йил 3 октябрь кунги 41 (1075)-сони
- Қўшилди: 03.10.2025
- Кўришлар: 141
- Чоп этиш