Варшава конференцияси доирасида гендер тенгликка эришиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди

Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда 2025 йил 14 октябрь куни инсонийлик мезонлари бўйича Варшава конференцияси доирасида "Гендер тенглик истиқболлари: Ўзбекистоннинг аёллар ҳуқуқлари бўйича глобал кун тартибига қўшган ҳиссаси" мавзусида қўшимча тадбир (side event) ўтказди.

Конференция 6-17 октябрь кунлари ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) томонидан ташкил этилди.

Қўшимча тадбирнинг мақсади – Ўзбекистоннинг глобал миқёсда аёллар ҳуқуқларини илгари суришдаги ҳиссасини намойиш этиш ҳамда гендер тенгликка эришишни тезлаштириш, аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича стратегиялар ҳақидаги халқаро мулоқотни мустаҳкамлашдан иборат.

Мунозарада 40 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, ЕХҲТга аъзо давлатлар дипломатик ваколатхоналари, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар ва академик институтлар вакиллари қатнашди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова бошчилигида панель муҳокамаси шаклида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г. Маъруфова парламентнинг аёллар ҳуқуқларини илгари суриш бўйича фаол платформага айланганини таъкидлаб, 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенгликка эришиш бўйича миллий стратегиянинг бу борадаги ижобий таъсирини қайд этди. Аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирлари, жумладан, имтиёзли кредитлаш дастурлари ва таълим ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари У.Абдуллаева аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими ҳақида батафсил тўхталди. Унинг фикрича, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши ва 2023 йилда аёлларга нисбатан маиший зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилгани, жинсий тазйиқ тушунчаси аниқланиб, бундай жиноятлар учун жазо белгилангани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мамлакатда зўравонликнинг олдини олиш бўйича идоралараро тизим яратилган бўлиб, у ҳимоя ордери институтини ўз ичига олади.

Ўз навбатида, "Истиқболли авлод" республика ижтимоий-ахборот маркази директори Н.Каримова давлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий ривожланаётганига эътиборни қаратди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг зўравонликка нисбатан "ноль бағрикенглик" маданиятини шакллантиришдаги ҳиссасини таъкидлади.

Шунингдек, «Digital Generation Uzbekistan» ННТ матбуот котиби М.Мамажонова рақамлаштиришнинг аёллар имкониятларини кенгайтиришдаги ўрни ҳақида сўз юртди. Рақамли кўникмаларнинг аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини оширишдаги аҳамиятини юқори баҳолади.

Муҳокама иштирокчилари мамлакат раҳбариятининг юксак сиёсий иродаси ва кенг кўламли қонунчилик ислоҳотлари асосида Янги Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида сезиларли ютуқларга эришилганини бир овоздан эътироф этдилар.

Тадбир якунида иштирокчилар айни соҳада эришилган натижалар изчил давлат сиёсати, кенг қамровли ҳуқуқий чора-тадбирлар, фуқаролик жамияти ва халқаро ҳамкорлар билан фаол ҳамкорлик туфайли қўлга киритилганини таъкидладилар. Шунингдек, ижтимоий қарашларни ўзгартириш, аёлларнинг тўлиқ эмансипациясига тўсқинлик қилаётган гендер стереотипларни бартараф этиш борасидаги ишларни давом эттириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech