“Тинчлик учун барчамиз масъулмиз” (+видео)

“Барча неъматларнинг энг қадрлиси тинчлик. Ва уни барқарор сақлашга барча бирдек масъул бўлмоғи лозим”. Фарғона биринчи халқаро тинчлик форумида илгари сурилаётган фикр ва таклифлар шу ғоя билан уйғунлашган.

Бугунги ялпи сессия Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг чиқиши билан бошланди.

– Тинчлик, айниқса, дунё аёллари, хотин-қизлари, ёшлари учун қанчалар муҳимлиги аён. Бу борада Ўзбекистонда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо энди минтақадаги кучларни, саъй-ҳаракатни бирлаштирадиган вақт келди. Биз бирлашсак – кучмиз, – деди Зулайҳо Маҳкамова.

Форум минбарига чиққан Европа, Осиё мамлакатлари вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлашда жамоатчилик, халқ дипломатияси ва ижтимоий институтлар ўрнини кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.
– Бугун Фарғонада эркин фикр алмашиш, баҳслашиш ва қарорлар қабул қилиш учун янги сиёсат мунозараси майдони яратилди, – дейишди улар. – Бу майдон бир марталик эмас, узлуксиз ҳаракатдаги овоз бўлиши шарт.

Бу таклифни қўллаб-қувватлаган Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари навбатдаги тинчлик форумига мезбонлик қилишга тайёр эканларини билдирдилар.

– Икки кундирки, Осиё мамлакатларида Фарғона биринчи тинчлик форумида кўтарилган масалалар тилдан тушмаяпти. Сабаби – барқарор тинчлик барча учун устувор вазифа. Шу маънода ҳам Фарғона биринчи тинчлик форумини аслида Марказий Осиё тинчлик форуми деб аташ мумкин, – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори Акмал Саидов. – Ўзбекистон эса нафақат минтақа, балки дунёда барқарор тинчликнинг энг манфаатдор тарғиботчисидир.

Бугун ҳам сессияларда “Ҳамжиҳатлик куни”, “Ёшлар салоҳияти”, “Иқлим ўзгариши” каби бир неча мавзулар юзасидан манозаралар бўлиб ўтмоқда.

– Аввало, шуни айтиш керакки, Фарғона биринчи тинчлик форуми шу йил баҳорда Сўғдда уч давлат раҳбарлари имзолаган “Дўстлик декларацияси”га монанд тарзда ўтказилмоқда, – дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуарде Стипрайс. – Форум уч давлатнинг ягона тинчлик майдонини яратди. Масалан Евроиттифоқ ҳам шу каби мулоқотлардан бошланган эди. Фарғонадаги форум келажакда Марказий Осиё иттифоқи каби сиёсий тузилмага асос бўлиши мумкин деб ўйлайман. Чунки унинг иштирокчилари мамлакатлар, халқларнинг бирлашиш истаги, шу йўлдаги сай-ҳаракатларини баён этмоқдалар. Бундай бирлик, албатта, давлатлар миқёсида ҳал этилади. Аммо Фарғона биринчи тинчлик форуми шу йўлдаги муҳим қадам деб ўйлайман.

Европа Иттифоқига келсак, биз бундай ғояни ҳамиша қўллаб- қувватлаймиз.

Форум доирасида халқаро ташкилотлар раҳбарларининг ўзаро мулоқотлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуарде Стипрейсни қабул қилди. Музокара чоғида Ўзбекистоннинг минтақада тинчликни сақлаш бўйича саъй-ҳаракатлари Европа иттифоқи томонидан юқори баҳоланаётгани билдирилди. Томонлар бу борада ҳамкорликни давом эттиришларини таъкидладилар.

Фарғона биринчи тинчлик форуми давом этмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech