Варшавада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан Инсонийлик мезонлари бўйича Варшава конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Анжуман доирасида “Гендер тенглик истиқболлари: Ўзбекистоннинг аёллар ҳуқуқлари бўйича глобал кун тартибига қўшган ҳиссаси” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суриш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги ютуқларини тақдим этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги тараққиётни жадаллаштириш масалалари бўйича халқаро мулоқотни мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат.
Мунозарада 40 дан ортиқ иштирокчи, шу жумладан, ЕХҲТга аъзо давлатлар дипломатик ваколатхоналари, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар ва академик институтлар вакиллари қатнашди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Г.Маруфова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муродова Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида қилинаётган ишлар бўйича маълумот берди.
Парламентнинг аёллар ҳуқуқларини илгари суриш бўйича фаол платформага айлангани таъкидланди. 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенгликка эришиш бўйича миллий стратегиянинг бу борадаги ижобий таъсирига эътибор қаратилди.
Аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирлари, жумладан, имтиёзли кредитлаш дастурлари ва таълим ташаббусларига алоҳида урғу берилди.
Муҳокама иштирокчилари мамлакат раҳбариятининг юксак сиёсий иродаси ва кенг кўламли қонунчилик ислоҳотлари асосида Янги Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида сезиларли ютуқларга эришилганини эътироф этди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 17.10.2025
- Кўришлар: 132
- Чоп этиш