Маълумотлар даври байрами

20 октябрь – Бутунжаҳон статистика куни

Ҳар беш йилда бир маротаба, 20 октябрь санасида дунё жамоатчилиги Бутунжаҳон статистика кунини нишонлайди. Ушбу байрам замонавий жамиятда ишончли, аниқ ва холис маълумотларнинг ўрни ва аҳамиятини эътироф этиш, шунингдек, статистика соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг хизматларини қадрлаш мақсадида жорий этилган.

Бугунги даврда маълумотларга янги ресурс, борингки, «янги нефть» мақомида қаралади. Бироқ маълумот тўғри йиғилган, аниқ таҳлил қилинган ва оқилона талқин этилган тақдирдагина жамият ва давлат учун фойда келтиради. Шу жиҳатдан, статистика замонавий ҳаётда муҳим ўрин тутади ва шахсий қарорлардан тортиб давлат сиёсатини шакллантиришгача бўлган барча жабҳаларда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Ишончли статистик маълумотлар ҳамда кўрсаткичларни тайёрлашнинг аҳамияти юқорилигини инобатга олган ҳолда, 2008 йилда БМТнинг Статистика бўлими барча ҳамкор давлатларда жойлашган ва статистика билан шуғулланувчи ташкилотларга Бутунжаҳон статистика кунини таъсис этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш тўғрисида таклиф йўллади. Бу ғоя қисқа фурсат ичида кенг қўллаб-қувватланди.

Бинобарин, 2010 йилда БМТнинг 41-сессиясида Статистика комиссияси томонидан Бутунжаҳон статистика кунини (World Statistics Day) таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Яъни, БМТ Бош Ассамблеяси 2010 йил 3 июнда қабул қилган 64/267-сонли резолюцияга кўра, 20 октябрь – Бутунжаҳон статистика куни, деб эълон қилинди.

 Кейинги йилларда ушбу халқаро сана нафақат анъанавий байрамга, балки дунёдаги миллий статистика тизимлари фаолиятини, уларнинг ютуқлари ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш майдонига айланди. Жумладан:

  • 2015 йил 20 октябрда “Маълумотлар сифатини ошириш — ҳаёт сифатини ошириш” шиори остида иккинчи Бутунжаҳон статистика куни ўтказилди.

  • 2020 йил 20 октябрда “Ишончли маълумотлар орқали дунёни бирлаштирамиз” мавзусида учинчи байрам ўтказилди.

  • 2025 йил 20 октябрь – Бутунжаҳон статистика куни муносабати билан эса БМТнинг 80 йиллик тантаналари доирасида халқаро ҳамкорлик ва ягона стандартлар доирасида статистиканинг глобал аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бутунжаҳон статистика кунининг мақсади — статистика муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ҳар куни амалга оширадиган муҳим фаолиятга жамоатчилик эътиборини жалб қилишдан иборат. Чунки айнан статистика муассасалари аниқ, холис ва таққосланадиган маълумотларни тўплаш орқали миллий ва халқаро даражада турли соҳаларда кенг кўламли ишлар олиб борилишига ҳисса қўшади.

Статистика жамиятнинг барча соҳаларида — иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма ва бошқа йўналишларда муҳим қарорларни қабул қилишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Масалан, мактаблар, касалхоналар, йўллар, уй-жойлар қурилиши ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш дастурлари статистик маълумотларга таяниш орқали режалаштирилади.

Шунингдек, статистика камбағаллик даражаси, аҳоли соғлиги, таълим имкониятлари, ишсизлик, миграция ва атроф-муҳит ҳолати каби мураккаб масалаларда аниқ тасаввурга эришишга ёрдам беради. Бу, ўз навбатида, давлат дастурлари ва бюджетларнинг самарали тақсимланишини таъминлайди.

Бутунжаҳон статистика куни мутахассисларнинг кундалик меҳнатини қадрлаш ва жамоатчиликни статистиканинг аҳамиятига жалб қилиш учун ўзига хос платформа ҳисобланади. Ушбу байрам инсониятга таъсир этувчи тенденциялар ва муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш йўлларини белгилашда ишончли, холис ва шаффоф маълумотлар муҳим эканини яна бир бор эслатади.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон расмий статистика тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда статистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва халқаро стандартларга мувофиқлик ишлари салмоқли натижалар бермоқда.

Хусусан, 2024 йил якуни бўйича мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Статистика салоҳияти” индексида 100 баллдан 80,3 баллни қўлга киритиб, рейтингда 61 ўринни эгаллади. Агар қиёслайдиган бўлсак, 2016 йил ҳисоботига қараганда – 62 поғонага, 2019 йилга нисбатан эса 16 поғонага кўтарилишга эришилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Open Data Inventory (ODIN)” рейтингида 197 та мамлакат орасида 87 балл билан 14-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда биринчи ўринни сақлаб қолди. Бу кўрсаткич мамлакатимизда маълумотларнинг шаффофлиги ва фойдаланувчилар учун очиқлиги таъминланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, ODIN рейтинги 2023 йилдан бошлаб БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари индикаторлари қаторига киритилган. Бу эса айни рейтингнинг халқаро нуфузини янада оширмоқда ва очиқ маълумотларга таянган сиёсий ҳамда ижтимоий қарорлар қабул қилинишига туртки бериши тайин.

Шундай қилиб, Бутунжаҳон статистика куни — маълумотларга бўлган муносабатни такомиллаштиришга, статистика соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ҳурмати ва қадрини оширишга қаратилган муҳим халқаро санадир. Ўзбекистон сўнгги даврда эришган ютуқлар ушбу йўналишдаги интилишларимизни янада мустаҳкамлаб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимизнинг обрўсини оширишга хизмат қилмоқда.

Янада муҳими, Янги Ўзбекистоннинг статистика соҳасидаги ютуқлари ва халқаро майдондаги муваффақиятлари мамлакатнинг очиқлик ва барқарор ривожланишга интилувчи янги сиёсати самараси сифатида намоён бўлмоқда.

 

Азизбек Бегимов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази

Ҳисоб-китоб бўлими

бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech