Янги Ўзбекистон халқини жипслаштиришга хизмат қилади
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
“Давлат тили фақатгина соҳа мутахассисларининг эмас, балки кўпмиллатли бутун халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ақл-заковати, маънавий-маърифий салоҳияти, ватанпарварлик фазилатлари билан равнақ топади”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шундай деб таъкидлайди. Давлат раҳбарининг фикрича, мамлакатимизда қонунга ҳурмат ва итоат муҳитини таъминлаш, жумладан, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни ҳаётимизга изчил татбиқ қилишда барчамиз юксак маданият ва ўзаро бир-бирини англаш туйғусини намоён этишимиз лозим.
Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистоннинг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 1989 йил 21 октябрда – Мустақиллигимиз эълон қилинишидан тахминан икки йил илгари қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир. Ватанимизнинг давлат мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадамлардан ҳисобланувчи ушбу тарихий воқеага роппа-роса 36 йил тўлди.
Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш осон кечмаган. Энг асосийси, ўша даврда ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, 1989 йили “Давлат тили ҳақида”ги қонунда акс этган муҳим ҳуқуқий қоидалар кейинчалик, 1992 йилда Мустақиллик Қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида қуйидагича мустаҳкамланди: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 21 октябрда қабул қилган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга биноан, 21 октябрь тарихий санаси – Ўзбек тили байрами куни деб белгиланди. Ўз навбатида, 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрнига бу қадар юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу сана маънавий ва маърифий, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрда имзоланган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга доир истиқболдаги вазифалар кўзда тутилган.
Президент Фармонида Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилаб берилди. Бундан ташқари, ўзбек тилини янада ривожлантиришга қаратилган учта муҳим ҳужжат:
биринчидан, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси;
иккинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури;
учинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Бугунги кунда ана шу ҳужжатларда ўз аксини топган аниқ ва қамровдор вазифалар ижросини таъминлаш учун давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий муассасалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш бўйича бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур".
Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳам ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим.
Янада муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар, бир томондан, ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Иккинчи томондан, янгича ташаббуслар мамлакатимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли вазифаларнинг самарали ижроси учун ниҳоятда зарур.
Маълумки, давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналади. Она тилимиз сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани ҳам қувонарли воқелик. Ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 60 миллион кишини ташкил этиши эса унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Буни ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар самаралари тасдиқлайди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси фаолият кўрсатмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида турли ташкилот ва идораларда меҳнат қиладиган ходимларни тизимли асосда ўқитиш йўлга қўйилди. Ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган ватандошларимиз ушбу Марказ ва унинг ҳудудий бўлимларидаги бепул ўқув курсларида таҳсил олмоқда.
Ўзбек тили ва адабиёти йўналишида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ҳажми ҳамда илмий тадқиқотлар сони изчил кўпайди. Ҳозирги кунда қарийб 40 та олий ўқув юртида ушбу мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Олий таълим муассасаларида 7 минг нафардан зиёд фан номзоди ва доктори, профессор-ўқитувчилар ўзбек тили ва адабиётидан дарс бермоқда.
Кейинги йилларда кўплаб идоравий ҳужжатлар давлат тилига ўтказилди, 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи давлат реестрига киритилди. Янги пайдо бўлаётган замонавий тушунчаларга ном бериш, сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритишни тизимли йўлга қўйиш учун Атамалар комиссиясининг фаолияти тубдан такомиллаштирилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими яратилди. Айни вақтда бу тизим тегишли ҳужжатларнинг давлат тили талабларига мос ва услубий жиҳатдан пухта тайёрланишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, раҳбарлик лавозимларига номзодларнинг ўзбек тили бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида миллий тест тизими ҳам жорий этилди.
Давлат тили асосларини чуқур ва атрофлича ўрганишни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан кўплаб қомус, луғат ва қўлланмалар чоп этилди. Айниқса, ўзбек тилини рақамлаштириш борасида жиддий натижаларга эришилмоқда. Ўзбекча матнларни сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва ўзбек тилида мулоқот қилишга мўлжалланган “ақлли” дастур ишлаб чиқилиб, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг веб-сайти яратилди.
Ўзбек тилидаги матнларни таҳрир қилиш, уларни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш ва сўзларнинг луғавий маъносини кўрсатишга мўлжалланган электрон дастурлар амалиётда фаол қўлланмоқда. Шунингдек, “Википедия” халқаро интернет энциклопедиясидаги ўзбекча маълумотлар ҳажми кескин кўпайди.
Ўтган йили мамлакатимизда бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди ва жорий йилда мазкур мукофот учун танлов эълон қилинди. Бинобарин, айни саъй-ҳаракатларнинг барчаси бадиий таржима тил тараққиётида – ўзбек тили ва адабиётини янада бойитиш ва дунёга кенг тарғиб этиш борасида нечоғлик улкан аҳамиятга эгалигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди.
Мамлакатимизда аҳил-иноқ яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларининг тили, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш бўйича ҳам амалга оширилаётган муҳим ишлар ҳақида фикр юритганда, 160 га яқин миллий маданий марказ ҳамда ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларимизда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани дунё амалиётидаги ноёб тажриба экани эътирофга лойиқдир.
Марказий телерадиоканаллар орқали ўзбек тилини ўрганишга бағишланган кўрсатув ва эшиттиришларнинг мунтазам бериб борилаётгани юртимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг давлат тилини ўзлаштиришига катта ҳисса қўшмоқда. Юртимизда чет тилларга ихтисослашган ҳамда ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётгани ҳам шу соҳадаги муҳим ўзгаришлар натижаси саналади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, юксак тараққий этган демократик давлатларда бўлгани каби – давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Бу борада ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз”.
Шу маънода, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва учинчи Уйғониш даври пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган Тараққиёт стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси доирасида ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш, ўзбек тилини чуқур ўрганиш бўйича илмий-назарий адабиётлар, методик қўлланмалар, луғатлар махсус атамалар, ихтисослик бўйича адабиётлар яратиш юзасидан қизғин амалий фаолиятга киришилгани жуда муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тилини изчил ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида зиммамизга катта ва масъулиятли вазифалар юклангани бежиз эмас. Бинобарин, она тили миллатнинг руҳи, борлигимиз ва бирлигимиз, давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ҳисобланади.
Ғулом МИРЗО
“Куч-адолатда” газетаси 2025 йил 17 октябрдаги №43-(1077) сони
- Қўшилди: 21.10.2025
- Кўришлар: 329
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский