Миллий марказ ходимлари “Заковат” интеллектуал ўйинида биринчи ўринни эгаллади

10–11 ноябрь кунлари Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ёш кутубхоначилар V форуми бўлиб ўтди. Анъанавий анжуман “INFOLIB O‘ZBEKISTON–2025” XIV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳамда “Янги Ўзбекистон кутубхоначилари – сунъий интеллект орқали юксак марралар сари!” шиори остида ўтказилди.

Форум доирасида бир қатор тадбирлар – семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, маҳорат дарслари ҳамда интеллектуал ва спорт мусобақалари ташкил этилди.

Хусусан, 10 ноябрь куни “Интеллектуал қудратга эга ёшларимиз – Янги Ўзбекистон тараққиёт кўзгуси” мавзусида давра суҳбати, шунингдек, “Сунъий интеллект орқали юксак марралар сари” мавзусида семинар-тренинг ҳамда “Заковатли ёшлар – юрт таянчи” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Мазкур интеллектуал ўйинда ғолибликни қўлга киритган жамоалар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Миллий марказнинг Малика Талипова, Шодия Исмоилова ва бошқа ходимларидан иборат жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, 11 ноябрь куни форум доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Ёш кутубхоначилар V Форуми доирасида “Лойиҳаларни яратиш” ва “Ўз лойиҳангни амалга ошир…” мавзуларида тренинг, Ёшлар ишлари агентлигида “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Қизлар академияси”, “UstozAI” каби ёшлар лойиҳалари тақдимоти, Республика Болалар кутубхонасига экскурсия, “Кутубхоначининг психологик ресурслари: руҳий куч ва ички барқарорлик сирлари” мавзусидаги психологик семинар-тренинг, “Нозик бармоқлар жилоси” номли каштачилик ва абру-баҳор бўйича маҳорат дарслари ҳамда шахмат-шашка бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.

Форум ёш кутубхоначиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, интеллектуал ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, шунингдек, уларни замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланишга ундашга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech