«Тонг юлдузи» кутубхонаси туркумида «Болалик кунларимда...» китоби чоп этилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда болалар ва ўсмирлар учун чиқадиган «Тонг юлдузи» газетаси ҳамкорлигида тайёрланган «Болалик кунларимда...» номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, кутубхоналар фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш ҳамда ёш авлодни китоб ва миллий адабиётга ошно этиш масалалари давлат сиёсати даражасида эътибор марказида экани таъкидланди.
Ушбу китоб орқали ўқувчилар «Тонг юлдузи» газетасида чоп этилган мамлакатимиздаги таниқли ижодкорлар, илм ва фан фидойилари, шунингдек, эл ардоғидаги санъаткорларнинг болалик хотиралари, ўқувчилик давридаги қизиқарли воқеалар билан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Эътиборли жиҳати шундаки, «Тонг юлдузи» газетасидаги кўплаб рукнлар орасида «Болалик кунларимда...» рукни ўқувчилар орасида айниқса оммалашган. Унда ҳар бир қаҳрамоннинг болалик хотиралари, ҳаёт йўлидаги синовлар ва уларни енгишдаги матонати ҳар бир ўқувчи учун ибрат намунаси бўлади.
Айтиш жоизки, “Тонг юлдузи ёритган олам” номли биринчи китоб Миллий кутубхона фонди ҳамда тизимдаги 200 дан ортиқ кутубхонага, шунингдек, республикамиздаги ижод мактаблари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига икки нусхадан бепул тарқатилган эди.
Анъанага кўра, янги нашр — «Болалик кунларимда...» китоби ҳам худди шундай тарзда тарқатилади.
Н. Усмонова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский