«Болалик кунларимда…» асари билан болаликка қайтиб.... (+видео)
Болалик… ҳар бир инсон қалбининг энг соф, энг бебаҳо саҳифасидир. У ёдга тушганда юзга табассум, кўзга бехос ёш келтиради. Болалик — инсонни шундай бир самимий дунёга чорлайдики, у ерда ҳали ғам-ташвиш йўқ, фақат орзу ва меҳр бор. Ана шундай болалик хотираларига саёҳат — «Болалик кунларимда…» асари тақдимоти давомида юз берди.
13 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Тонг юлдузи» кутубхонасининг иккинчи китоби намойиш этилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган «Тонг юлдузи» газетаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир адабиёт, таълим ва ижод аҳлини яна бир бор маънавий бир майдонда бирлаштирди.
Тақдимотда сенатор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист — Абдусаид Кўчимов тадбирни очиб, самимий сўз билан иштирокчиларга мурожаат қилди.

У болалик — инсон ҳаётидаги энг гўзал давр эканини, ушбу китоб ҳар бир ўқувчини болалик хотиралари билан яна бир бор учраштирадиган, соғинган кунларни ёдга соладиган бебаҳо асар эканини таъкидлади.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Жаббор Раззоқов, Хусан Эрматов, Эркин Малик, шунингдек, шайх Абдулазиз Мансур, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, Журналистлар уюшмаси вакиллари Холмурод Салимов, Миллий тикланиш партиясидан Феруза Жалилова ҳамда Феруза Муҳаммаджонова, «Тонг юлдузи» газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова ва бошқалар иштирок этдилар.

Улар асар ҳақидаги самимий фикрларини билдириб, бу китоб нафақат ижод аҳли учун, балки ҳар бир китобхон қалбида болаликнинг беғубор соф туйғуларини қайта жонлантирадиган асар эканини таъкидладилар.

Қайд этиш жоиз, авалроқ “Тонг юлдузи” кутубхонаси туркумида чоп этилган илк китоб — “Тонг юлдузи ёритган олам” асари Миллий кутубхона фонди ва республика бўйлаб 200 дан ортиқ кутубхонага, ижод мактабларига ҳамда умумтаълим мактабларига бепул етказилган эди. “Болалик кунларимда…” китобида ҳам ана шу эзгу анъана давом этмоқда. Бугунги кунда эса мазкур китоб республикамиздаги ихтисослаштирилган мактаблар кутубхоналарига ҳам топширилган. Асарда «Тонг юлдузи» газетасидаги машҳур рукн — «Болалик кунларимда…» саҳифаларида чоп этилган таниқли ижодкорлар, илм-фан фидойилари ва эл ардоғидаги санъаткорларнинг болалик хотиралари жамланган бўлиб, ҳар бир қаҳрамоннинг ҳаёт синовларига дадил қараши, орзу ва меҳнати билан муваффақиятга эришгани ҳақидаги самимий ёдномалар ҳар бир ўқувчи учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Шу билан биргаликда, асар қаҳрамонларининг ҳаёти, ижоди, санъати, меҳнат фаолияти билан миллий адабиётимиз, санъатимиз ривожига, халқимиз маънавиятини бойитишга, ёш авлод тарбиясига қўшган салмоқли ҳиссаси ўқувчиларда катта таассурот қолдиради.

Тадбирда сўзга чиққанлар китобнинг ана шу жиҳатлари борасида тўхталиб ўтдилар.
Эл ардоғидаги санъаткорлар Хайрулла Лутфуллаев ижросидаги дилбанд тароналар эса кечага янада файз улашди.

Бир сўз билан айтганда, тақдимот баҳона олиб борилган мулоқот ва ширин суҳбатлар асносида ҳар бир меҳмон бир муддат ўз болалигига қайтди, ўша соф кунларни бир лаҳза бўлса-да, қайта ҳис қилди.
Шу тариқа “Болалик кунларимда…” номли асари хотиралар, болалар учун ибрат, катталар учун эса ўтмишга муҳаббат ва меҳр манбаидир. Қолаверса, “Тонг юлдузи” кутубхонасининг мазкур иккинчи китоби — нафақат болалар, балки ҳар бир катта инсон учун ҳам болаликка қайта саёҳат эттирадиган, қалбни поклайдиган ва ўйга соладиган асар сифатида қадрлидир, десак янглишмаймиз.
М.Эшмирзаева, Д.Якубов (видео), ЎзА
Ўзбекча
English
Русский