Ўзбекистон – бағрикенг диёр

Маълумки, UNESCO ташкилоти томонидан дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни таъминлаш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. 

БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу санани бизда, Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон азалдан турли миллат, элат ва дин вакилларининг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити билан аҳилликда ҳаёт кечирган маскан сифатида эътироф этилади.

Ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида яшаб келмоқда.

Шу муносабат билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида миллатлараро ва динлараро дўстлик, аҳиллик ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўзида жамлаган “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирларига старт берилди. 

Шу мақсадда бугун пойтахтимиздаги “Азимут Гранд” меҳмонхонасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида анъанавий халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур конференция Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита, диншунос экспертлар, исломшунослар, этник-маданий бирлашмалар, диний конфессия вакиллари, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамият, миллий маданий марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам қатнашди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар табрик сўзлари билан очиб бердилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Музаффар Камилов ҳам иштирок этиб, маъруза қилди. 

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу халқаро анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – сўнгги йилларда Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик омилларидан бири бўлган диний бағрикенглик, динлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, истиқболдаги белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга шахс сифатида тарбиялаш, алломаларимиз меросидаги ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, уларда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш; турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Чуқур ўйланган миллий ва диний сиёсат туфайли Ўзбекистон бугун бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида намуна бўлмоқда. Ўзбекистоннинг бу асрлик тажрибаси ўзбек миллатига хос бағрикенглик хусусиятлари Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андоза бўлиб хизмат қилмоқда. 

2019 йилдан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу сана Ўзбекистонда ҳафталик тарзида кенг нишонланади. Бу йил ҳам ушбу анъана давом этиб, “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда. Ҳафталик доирасида брифинг, давра суҳбатлари, конференциялар ва бошқа маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Конференция “Динлараро мулоқот ва бағрикенгликни таъминлашда янги Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси”, “Конфессиялараро ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги ҳамкорлик” ҳамда “Таълим ва маърифат – динлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашнинг асоси” каби шўбаларга бўлинган ҳолда давом этди.

Диний бағрикенглик турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлиши, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланиши билан бевосита боғлиқ. Бу, ўз навбатида, юрт тинчлиги, тараққиёти ва умуминсоний маданият ривожига хизмат қилган. 

“Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусидаги халқаро конференцияда кўрилган масалалар мамлакатимиз тарихан кўпмиллатли ўлка сифатида турли дин ва миллат вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилганлиги ва диний жамоалар жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этаётганини ифодалайди.

 

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси

Матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech