Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш йўлида
27 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан айни мавзуида жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Тиббиёт ходимлари учун мўлжалланган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этди.
Жамоатчилик эшитувида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, фуқаролик жамияти вакиллари, тиббиёт соҳаси ходимлари ва ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор тиббиёт ходимлари ўртасида Ўзбекистон 2021 йилда ратификация қилган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини тўғри тушуниш ва уларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш даражасини ошириш масаласига қаратилди. Бу жараёнда ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишда инклюзив ёндашувни мустаҳкамлашнинг муҳимлигига урғу берилди.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари ўринбосари Фарҳод Абдураҳмонов ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий хизматлар кўрсатилиши жараёнларини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Баҳодир Каримовнинг шу мавзудаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар соғлиқни сақлаш тизимида инклюзивликни кучайтириш бўйича бир қатор муҳим таклифларни илгари сурдилар. Бу ўринда, жумладан:
-
доимий малака ошириш курсларини жорий этиш, яъни ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва уларга хизмат кўрсатиш маданиятини такомиллаштириш мақсадида тиббиёт ходимлари учун мажбурий ва доимий малака ошириш курсларини ташкил этиш;
-
барча тиббиёт муассасаларида “оқилона мослашув бўйича ягона стандарт”ни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда ушбу стандарт жисмоний ва ахборот муҳитининг тўлиқ инклюзивлигини таъминлашига эришиш лозимлиги ҳақида сўз бормоқда.
Шунингдек, тадбир давомида бир қатор устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Биринчидан, тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтиш: ногиронликни фақатгина тиббий ҳолат сифатида эмас, балки жамият томонидан яратилган тўсиқлар натижаси сифатида кўрувчи ижтимоий модел тамойиллари атрофлича тушунтирилди. Бу ёндашув тиббиёт ходимларидан инсон ҳуқуқларига асосланган хизмат кўрсатишни талаб этади.
Иккинчидан, камситишнинг олдини олиш: тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан тўғридан-тўғри ва билвосита камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик механизмлари, хусусан, хабардор қилинган розилик олиш ва махфий маълумотларни ҳимоя қилиш тартиблари муҳокама қилинди.
Учинчидан, оқилона мослашувни таъминлаш: тиббий хизматлардан фойдаланишда оқилона мослашув (reasonable accommodation) принципининг аҳамияти тушунтирилди. Мисоллар сифатида имо-ишора тилида хизмат кўрсатиш, кўриш қобилияти пастлар учун ёрдамчи материаллар ва мобил хизматларни кенгайтириш зарурати таъкидланди.
Тўртинчидан, эрта аралашув ва абилитация: ногиронликни эрта аниқлаш ва болаларнинг ривожланишидаги бузилишларни тузатишга қаратилган абилитация (янги кўникмаларни шакллантириш) хизматларини кучайтириш масалаларига урғу берилди.
Бешинчидан, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари (ТМЕК) фаолиятини такомиллаштириш: ТМЕК хулосаларини тайёрлашда нафақат тиббий кўрсаткичларни, балки шахснинг ижтимоий муҳитдаги ҳаётий эҳтиёжлари ва имкониятларини ҳам ҳисобга олиш муҳимлиги қайд этилди. Бунда ТМЕК хулосаси шахснинг жамиятда тўлақонли иштирок этишига кўмак бериши кераклиги уқтирилди.
Муҳокамалар якунида тиббиёт хизматларининг инклюзивлигини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг камситилиши олдини олиш ва уларнинг тиббий хизматлардан тенг фойдаланиш ҳуқуқларини амалда таъминлашга эришиш учун барча манфаатдор томонлар — давлат идоралари, хусусий сектор ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур, деган якдил хулосага келинди.
Иштирокчиларнинг барчаси ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муомалада бўладиган, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёрдам берадиган ва малакали хизмат кўрсатадиган ходимларни ўқитишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский