“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди
1 декабрь куни пойтахтимизда узоқ йиллар давомида ҳалол меҳнат қилиб, ўз соҳасида намунали фаолият кўрсатган, жамоатчилик ишларида фаол бўлган, фидойилиги билан бошқаларга ибрат бўлиб келаётган бир гуруҳ меҳнат фахрийларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Уларга давлатимиз раҳбари томонидан таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Маълумки, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа турли соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол, фидокорона ва самарали меҳнат қилиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни эътироф этиш мақсадида таъсис этилган.
Шу билан бирга, умрини оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулиятли, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга бағишлаб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган меҳрибон ва фидойи оналар ҳам ушбу юксак мукофотга лойиқ топилади.
Мазкур нишон нафақат нуронийларимизнинг меҳнатига берилган муносиб баҳо, балки келажак авлод учун ибрат бўладиган эзгу умр йўлининг ўзига хос эътирофи ҳамдир. Бу эътироф меҳнат қилган инсон ҳеч қачон унутилмаслигини, халқимиз бундай фидокорларни доимо ардоқлашини яна бир бор тасдиқлайди.
Маълумот учун: Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг 2025 йил 28 июлдаги қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари Ғ.Мирзаев ва А.Қаюмов “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский