ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИК ВА МОЛИЯВИЙ ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ
4 декабрь – Халқаро банк куни
Ҳар йили 4 декабрь санасида дунё миқёсида Халқаро банк куни (International Bank Day) кенг нишонланади. Ушбу сана банк тизимининг глобал иқтисодиётдаги беқиёс аҳамияти, барқарор ривожланишга қўшган ҳиссаси ва инсонларнинг молиявий фаровонлигига таъсирини эътироф этиш учун белгиланган.
Тарихи ва юзага келиш сабаблари
Халқаро банк куни 2019 йил 19 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан расман эълон қилинган. БМТнинг 74-сессиясида қабул қилинган 74/245-сонли резолюцияда бу сана таъсис этилар экан, банклар фақат молиявий фаолият юритувчи тижорат ташкилоти эмас, балки барқарор тараққиётнинг асосий иштирокчиси сифатида баҳоланган.
БМТ ушбу қарор орқали банклар ва молиявий институтларни Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга фаол жалб этишни мақсад қилган. Чунки замонавий иқтисодда банк тизимисиз на янги иш ўринлари яратиш, на кичик бизнесни ривожлантириш, на рақамли иқтисодиётни шакллантириш мумкин.
Банк тизимининг жамиятдаги роли
Банк – фақат пул сақлаш ва кредит бериш муассасаси эмас. У мамлакат иқтисодиётидаги барча молиявий жараёнларни боғловчи марказий бўғин ҳисобланади.
Банк тизими орқали:
-
иқтисодий субъектлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар амалга оширилади;
-
сармоя ва сарф-харажатлар оқими назорат қилинади;
-
давлат бюджети ва ижтимоий дастурлар молиялаштирилади;
-
аҳоли жамғармалари инвестиция ресурсларига айланади.
Шу жиҳатдан банклар иқтисодий тизимнинг “қон айланиши”ни таъминлайди – уларсиз иқтисодий ҳаёт тўхтаб қолади.
Глобал банк секторидаги замонавий тенденциялар
XXI асрда банкларда рақамлаштириш жараёни жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Қатор инновацияларнинг жорий этилиши банк соҳасининг фаолиятини бутунлай янгича босқичга кўтарди. Жумладан:
биринчидан, рақамли банк хизматлари (Digital Banking) – мижозлар энди анъанавий филиалларга бориш ўрнига онлайн илова орқали барча операцияларни амалга ошириш имкониятига эга;
иккинчидан, мобил тўловлар ва финтех ечимлар – рақобатни кучайтирди, хизматлар сифатини оширди;
учинчидан, криптовалюта ва блокчейн технологиялари – молиявий операцияларнинг хавфсизлиги ва шаффофлигини таъминлашда янги имкониятлар яратди;
тўртинчидан, яшил молия (Green Finance) – банклар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экотизимни асраш мақсадида барқарор лойиҳаларни кредитлашга тобора кўпроқ эътибор бермоқда.
Ўзбекистонда банк тизими ривожланиши
Мамлакатимизда сўнгги йилларда банк соҳаси тубдан ислоҳ қилинмоқда. Рақамли технологияларни жорий этиш, мижозларга қулай хизмат кўрсатиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва молиявий саводхонликни ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
2020 – 2025 йилларга мўлжалланган Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси асосида:
-
банкларнинг мустақиллиги ва бозор тамойилларига асосланган фаолияти таъминланмоқда;
-
хусусий банклар сони ортмоқда;
-
хорижий капитал иштирокидаги банклар фаолияти кенгаймоқда;
-
онлайн-кредитлаш, QR-тўловлар ва мобил илова орқали хизматлар кенг жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, банклар “яшил иқтисодиёт” ва “инклюзив молия” тамойилларига мувофиқ равишда кичик ва ўрта бизнесни, хусусан, аёллар ва ёш тадбиркорларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни фаол йўлга қўйган.
Банк ходимларининг жамиятдаги ўрни
Банк тизимининг муваффақияти, аввало, унда фаолият юритувчи мутахассисларнинг билими, масъулияти ва садоқати билан боғлиқ. Улар иқтисодий барқарорликни таъминлайди, миллионлаб мижозлар манфаатларини ҳимоя қилади ва ишонч муҳитини шакллантиради.
Шу сабабли, 4 декабрь куни бутун дунёда банк ходимларининг меҳнати алоҳида эътироф этилади, уларнинг касбий фидойилиги рағбатлантирилади.
Хулоса қилиб айтганда, Халқаро банк куни – бу оддий сана эмас, балки бутун молиявий тизим фаолиятининг аҳамиятини эсга солувчи муҳим байрамдир. У нафақат иқтисодий ўсишни, балки жамиятда молиявий маданиятни, ишончни ва барқарор тараққиёт ғоясини тарғиб этади.
Бугунги кунда банклар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий масъулиятни ҳам ўз зиммасига олган – улар инсонлар фаровонлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва янги имкониятлар яратиш йўлида фаол иш олиб бормоқда.
Муқаддас ҚОСИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг Ҳисоб-китоб бўлими ғазначиси
Ўзбекча
English
Русский