КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ҚАДРИ, ЭРКИНЛИК, ТЕНГЛИК ВА АДОЛАТ ГАРОВИ!
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида илмий-амалий давра суҳбати ҳамда “Янги Ўзбекистон Конституцияси” дарслик-хрестоматиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Асқар Гафуров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлари доктори, профессор Муроджон Турғунов, директор ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдуманноб Туляганов, шунингдек Фанлар академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Миллий марказ ҳузуридаги Илмий-методик кенгаш ва бошқа давлат ташкилотлари вакиллари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, вазирлик ва идораларнинг юридик хизмат ходимлари, ФВВ Академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари, курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан Академия бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор Музаффаржон Мамасиддиқов очиб, Конституциянинг давлат ва жамият ҳаётидаги устувор ўрни, инсон қадрини улуғлаш ва ҳуқуқий демократик жамият барпо этишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритиб, муҳтарам Президентимизнинг “Конституция – халқимизнинг эркинлиги, адолатга ишончи ва келажак авлодлар фаровонлигини таъминлайдиган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевордир.” дея айтган сўзларини эътироф этди.
Шундан сўнг устоз академик Акмал Саидов томонидан “Янги Ўзбекистон Конституцияси” дарслик-хрестоматиясининг тақдимоти ўтказилди. Устоз мазкур дарсликнинг бугунги кунда нақадар аҳамиятли эканлигини таъкидлаб, Конституция таҳриридаги ҳуқуқий нормалар, инсон манфаатларини таъминлашдаги ёндашувлар, очиқ ва жавобгар давлат бошқаруви бўйича батафсил маълумот бериб ўтдилар.
Тадбир давомида Асқар Гафуров, Муроджон Турғунов ва Абдуманноб Туляганов ўз маърузаларида Янги Ўзбекистон Конституциясининг сиёсий-ҳуқуқий асослари, инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли, Миллий стратегия мазмуни ва давлат бошқарувининг янги тизимидаги устувор йўналишлар ҳақида сўз юритдилар. Маърузалар давомида иштирокчилар томонидан савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар ва амалий таклифлар билдирилди.
Тадбир доирасида Фавқулодда вазиятлар вазири ва Академия бошлиғининг буйруқлари билан хизмат фаолиятида юқори натижа кўрсатган ҳарбий хизматчилар, шунингдек илмий ва ўқув жараёнига салмоқли ҳисса қўшган профессор-ўқитувчилар тантанали равишда "аъло хизматлари" учун кўкрак нишони, ташаккурнома ва миннатдорчилик ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Давра суҳбати юқори савияда ўтди ва Конституциянинг амалий ҳаётдаги қўлланилиши ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги аҳамияти юзасидан иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди.
Ўзбекча
English
Русский