МАКТАБДА КОНСТИТУЦИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ДАРСИ
2025 йил 5 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти томонидан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 163-умумий ўрта таълим мактабида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” мавзусида ҳуқуқий ўқув дарси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги ҳамда 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ўтказилган ушбу маънавий-маърифий тадбирда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири ўринбосари Азизбек Рамазонов маъруза қилди.
Маърузада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилиниши, мазмуни ва аҳамияти, инсон ҳуқуқларига доир халқаро ҳуқуқий нормаларнинг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ифодаланиши, “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий-демократик ислоҳотларнинг натижалари тўғрисида ўқувчиларга батафсил маълумот берилди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда Франция пойтахти Париж шаҳрида қабул қилинган. Ушбу ҳужжатнинг ишлаб чиқилишига Иккинчи жаҳон уруши давомида жаҳон халқлари бошидан кечирган фожиалар, ваҳшийликлар ҳамда бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик зарурати сабаб бўлган. Мазкур ҳужжатда алоҳида маданият, миллат ва минтақалар билан чекланмаган универсал қадриятлар мустаҳкамланиб, ҳар бир инсон ирқи, танасининг ранги, дини, жинси, тили, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллий ва ижтимоий келиб чиқиши, мулкий, табақавий ва бошқа ҳолатидан қатъи назар, инсониятга мансублиги нуқтаи назаридан эга бўлиши лозим бўлган ҳуқуқлар белгилаб қўйилган. Декларация 30 моддадан иборат.
Ўзбекистон 1991 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ратификация қилган ва унда белгиланган барча нормалар Конституция даражасида мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг II бўлими инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган бўлиб, унда инсоннинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари, умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ўрин олган.
Конституциянинг муқаддимасидаёқ Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқ ва эркинликларига содиқ экани қайд этилган. Бош қомусимизнинг 54-моддасида давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаши белгиланган. Инсон ҳуқуқлари Конституцияда олий қадрият сифатида тан олинган.
2023 йил 30 апрелда референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам бевосита инсон ҳуқуқлари тегишли бўлиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва ҳимоя қилинишининг конституциявий кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Академик Акмал Саидов таъкидлаганидек: “Агар дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилганини ҳисобга олсак, ҳозирги кунда шундан 90 таси янги таҳрирдаги Конституциямизда мавжуд”.
Дарс жараёнидаги муҳокамаларда ўқувчилар ҳам фаол иштирок этишди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси моддаларини шарҳлашда зукколик кўрсатишди.
– Мактабимизда Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув дарсини ташкил этган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти жамоасига самимий миннатдорлик билдирамиз, – дея таъкидлади мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилноза Мадалиева. – Бундай маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини оширишда катта аҳамиятга эга. Айниқса, келгусида юридик йўналишдаги олий ўқув юртларида таълим олишни мақсад қилган битирувчи синф ўқувчиларимиз учун ушбу дарс ниҳоятда фойдали бўлди.
Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда нашр этилган китоблар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналлари тўплами мактаб кутубхонасига совға қилинди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
Ўзбекча
English
Русский