Конституциямиз ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида таълим олиш ҳуқуқи мустаҳкамланган
5 декабрда Тошкент шаҳридаги “Erudite Education School” хусусий мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги ҳамда 10 декабрь — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун муносабати билан учрашув бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ушбу мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳуқуқий-маърифий тадбирда ўқитувчи-педагоглар жамоаси ва 100 дан ортиқ ўқувчи қатнашди.
Мулоқот аввалида сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими Ойбек Аҳмадов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган таълим олиш ҳуқуқининг моҳияти ҳамда аҳамияти тўғрисида сўз юритди.
Ўз навбатида, Миллий марказ масъул ходими Дилноза Раҳматжонова янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга киритилган таълим соҳасига оид муҳим ўзгартириш ва қўшимчаларнинг маъно-мазмуни, шунингдек, Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самаралари ҳақида тўхталди.
Мулоқот иштирокчиларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилганлиги ва шу муносабат билан ҳар йили айни сана бутун дунёда Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланиши ҳақида батафсил маълумот берилди. Декларациянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳамда Ўзбекистон миллий қонунчилигининг шаклланишига таъсири масалалари атрофлича талқин этилди.
Ўқувчилар ва педагоглар Миллий марказнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ўрни, халқаро ва миллий даражаларда ўтказган йирик тадбирлари тўғрисидаги ахборотни катта қизиқиш билан эшитдилар.
Тадбир очиқ мулоқот ва ўзаро эркин фикр алмашув руҳида, ўқувчи-ёшларнинг фаол иштирокида ўтди. Ёшлар мавзуга доир саволларига батафсил жавоб олдилар.
Учрашув якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази нашр эттирган 30 дан ортиқ адабиёт мактаб кутубхонасига туҳфа этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский