“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони эгаларига топширилди
Инсон ҳуқуқлари уйида Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг миллий ва халқаро ҳамкорлари, мамлакатимиз вилоятлари марказларидаги кутубхоналар ходимлари, Миллий марказнинг Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, халқаро ҳамжамият томонидан 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингани ва ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатга дунё аҳли эътиборини жалб қилиш мақсадида 1950 йили БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни, деб эълон қилинганини таъкидлади.
Ушбу халқаро сананинг 2025 йилги мавзуси – Инсон ҳуқуқлари – кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми, деб номланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида мамлакатимизда ҳар йили 1-10 декабрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги” ўтказиб келинмоқда.
БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Акико Фужии ҳамда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Антти Карттунен инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўлидаги самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик изҳор этди. Ўзбекистон Ҳукуматининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари келгусида ҳам изчил қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.
Тадбир давомида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ишлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлардаги фаолияти, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, фан ва тарғибот ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ фуқаролар, халқаро ташкилотлар ҳамда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жамоатчилик кенгашининг фаол аъзолари ва халқаро ҳамкорлар Миллий марказнинг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Маълумот учун: “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асосида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан таъсис этилган.
***
Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Акико Фужии ва Миллий марказ директори Акмал Саидов имзолаган меморандум қашшоқлик ва тенгсизликка қарши курашишдан тортиб, сифатли таълимни таъминлаш, гендер тенгликни ривожлантириш, барқарор институтларни мустаҳкамлаш, одил судловга тенг ва адолатли эришиш каби устувор йўналишларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг аниқ механизмларини ривожлантиришга қаратилган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари уйига техник ускуналар ва китоблар топширилди. Ушбу жиҳозларни Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Антти Карттунен тақдим этди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский