Сирдарёда китоб тақдимоти ўтказилди

9 декабрь куни Гулистон давлат университетида академик A. Саидов ва юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) К. Худжамованинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма” китоби тақдимоти бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Гулистон давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу маърифий-ҳуқуқий тадбир Конституциямизнинг 33 йиллигига бағишланди.

Тадбирда Университетнинг юздан ортиқ талаба ёшлари, профессор-ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ушбу ўқув қўлланмада касб-ҳунар коллежлари, техникумлар ва академик лицейлар ўқувчилари учун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш бўйича зарур барча ўқув-методик материаллар тақдим этилган. Бу ўринда, жумладан, маърузалар матни, мавзу мазмунини ёритувчи чизмалар, ўқувчилар билимини мустаҳкамлашга қаратилган саволлар, тест топшириқлари, мустақил ўқиш учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати ҳақида сўз бормоқда.

Тақдимотда Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари – юридик фанлар доктори Ўткирбек Очилов ҳамда юридик фанлар номзоди Фарҳод Ҳайитбоев, Аҳрорбек Турдибеков, Ҳамидулло Мўминов ушбу ўқув қўлланма бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўқув қўлланмада янги таҳрирдаги Конституциямиз мамлакатимиз стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берганлиги ва уни ишлаб чиқишда ўзбек давлатчилиги ривожланишининг бой тарихий йўли, конституциявий қурилишнинг замонавий ғоялари, халқаро умумэътироф этилган умуминсоний тамойиллар ҳамда жаҳондаги илғор конституциявий тажриба ҳисобга олинганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Анжуман якунида БМТ ва Ф. Эберт фонди ҳамда Миллий марказ томонидан чоп этилган 250 дан ортиқ юридик адабиётлар тўплами Университет  кутубхонасига тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech