КОНСТИТУЦИЯ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ
Ҳозирги кунда бутун дунёда давом этаётган чуқур сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар даврида Янги Ўзбекистонда инсон шаъни ва қадр-қиммати улуғланиб, тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
2023 йили умумхалқ референдуми йўли билан қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларининг конституциявий асослари мустаҳкамланди.
Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг конституциявий асослари
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилди, улар конституциявий институт сифатида эътироф этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар алоҳида йўналиш сифатида белгиланди.
Давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ишлаши, биргаликдаги ижтимоий лойиҳаларни кўпайтириш ва ижтимоий буюртмалар сонини янада ошириши учун шароитлар яратилди.
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашнинг демократик институционал тизими яратилган бўлиб, хусусан Парламент ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари тузилган.
Бундан ташқари, қарийб 350 та қонун, Ўзбекистон Президентининг 4 минг 400 тадан ортиқ фармон ва қарорлари, бир қанча миллий стратегия, концепция ва давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим чоралар кўрилди. Хусусан:
биринчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга конституциявий мақом берилди;
иккинчидан, барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия сингари бир қатор парламент институтлари фаолияти йўлга қўйилди.
Конституция, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари
Янги Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик институтлари изчил ривожланмоқда. Нодавлат нотижорат
ташкилотлари парламент ва парламент комиссиялари, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда рўёбга чиқариш учун масъул давлат органлари фаолиятига кенг жалб этилмоқда. Шу тариқа жамиятимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти тубдан кучайди.
Биринчидан, ушбу соҳада мамлакат Президенти ва Ҳукуматининг 200 дан зиёд ҳужжати, бир қанча миллий стратегия, концепция ва дастурлар ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Хусусан, касаба уюшмалар, волонтёрлик фаолияти, аёлларни таъқиб ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, аёллар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини кафолатлаш, виждон эркинлиги ва
диний ташкилотлар тўғрисидаги ниҳоятда муҳим қонунлар қабул қилинди ҳамда ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди. Натижада, бугунги кунда:
-
яратилаётган қулай шароитлар натижасида фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда, уларда 70 мингга яқин инсонлар меҳнат қилмоқда.
-
хусусан, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 652 та, ёшлар йўналишида 650 та, ҳуқуқий-демократик институтларни ривожлантириш соҳасида 839 та, маданият, тарих ва маърифат йўналишида 564 та ННТ мавжуд.
Учинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ўз тадбирларини ўтказишда адлия органининг рухсатини олиш талаби бекор қилиниб, хабарнома шаклига ўтказилди, уларнинг фаолият эркинлиги янада мустаҳкамланди.
Тўртинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мажбурий тарзда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишиш амалиёти ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва
унинг қўмиталари мажлисларида Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакили – Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси иштирок этиши жорий этилди.
Бешинчидан, фуқаролик жамияти институтлари ислоҳотларнинг энг яқин ҳамкорига айланиб, ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурларининг 350 та банди ижросида нодавлат нотижорат ташкилотлар бевосита иштирок этмоқда.
Олтинчидан, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари раислари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан тасдиқланиши белгиланди.
Халқ ҳокимиятчилиги ва давлат бошқарувида ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш – кучли фуқаролик жамиятини қуришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Фуқаролик жамиятида фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар ва масъул ходим ўз фаолиятининг жамоатчилик назорати остида эканини чуқур ҳис этиши жамият ривожида муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги сўнгги йилда тамомила янги марраларни забт этди. Янги Ўзбекистон Президенти Шавкат
Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75- ва 76-, 78-, 80-сессияларида, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади.
Жаҳоннинг олий минбарларидан янграган ушбу мурожаатлар асносида Ўзбекистон Президенти 100 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Бу ташаббуслар асосан халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризм, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва бошқа муҳим соҳаларга тааллуқлидир.
Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази ва фуқаролик жамияти институтлари
Фуқаролик жамияти институтлари бугунги кунда жамият ҳаётининг турли соҳаларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватламоқда.
Биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг даврий маърузаларини, миллий ҳаракатлар режалари лойиҳаларини тайёрлашда фуқаролик жамияти институтлари жалб этилмоқда (Хусусан, бугунги кунга қадар, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг 50 га яқин миллий маърузаси тақдим этилди, шунингдек, уларнинг тавсияларини амалга ошириш мақсадида ҳозирги кунда 7 та Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинган ва ижро этилмоқда);
Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг миллий ҳаракатлар режаларининг бажарилишини мониторинг қилишда ҳамкорлик қилинмоқда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари қоидаларининг жойлардаги ижросини ўрганиш бўйича фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган (шу жумладан, 2024-2025 йилларда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси нормаларини амалга оширилиши бўйича 3 та мониторинг, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт нормаларини амалга оширилиши бўйича 1 та мониторинг, “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” ўқув курсларини ўқитиш сифати бўйича 6 та мониторинг ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича 2 та мониторинг ўтказилди);
Учинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилиши юзасидан фуқаролик жамияти институтлари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда(марказ 2024-2025 йилларда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда 15 та тадбир ташкил этди, шу жумладан 2025 йил 30 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси юзасидан ўтказилган миллий маслаҳатлашувда ҳам Миллий марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда фуқаролик жамияти институти вакиллари ўзларининг таклифлари билан фаол иштирок этдилар, Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик меморандумлари имзоланмоқда. 2025 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон нотариал палатаси ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида фаол ҳамкорлик амалга оширилмоқда).
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори,
академик
«ЖАМИЯТ» газетасининг 2025 йил 11 декабрь кунги 50 (968)-сони
Ўзбекча
English
Русский