Ҳуқуқшунос олимлар юридик таълимдаги ислоҳотлар бўйича фикр алмашди
Тошкент давлат юридик университетида “Юридик таълимга янгича ёндашув: ҳуқуқшунос олимлар нигоҳида” мавзусида илмий-амалий муҳокама ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Судьялар Ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти, Одил судлов академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Криминология тадқиқот институти ва олий таълим муассасалари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва ёш олимлар иштирок этди.
Тадбирда Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, юртимизда юридик таълим сифатини ошириш, юридик таълимнинг замонавий тамойиллари ва устувор йўналишлари, халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш, таълим — илм-фан — амалиёт интеграциясини кучайтириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва уларни амалиёт билан уйғунлаштириш, халқаро тажриба асосида юридик кадрлар тайёрлашнинг янги механизмларини белгилаш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада кўплаб таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мамлакатимиздаги ҳуқуқшунос олимларни бир жойга жамлаган анжуман давомида юридик таълимда фундаментал фанларни ўқитиш, миллий ҳуқуқий қадриятларни талабаларга етказиш, юридик илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, юридик таълим ва илм-фанни мувофиқлаштириш борасида ҳамкорликни кучайтириш, юридик илм-фаннинг натижадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Илмий-амалий муҳокама юридик таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ этиш ва ҳуқуқшунослик соҳасида халқаро талаблар даражасида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган муҳим платформага айланди. Анжуман юртимизда юридик таълимни янги сифат босқичига кўтариш, ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнига муносиб ҳисса қўшадиган профессионал, интеллектуал салоҳиятга эга юридик кадрлар тайёрлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Тадбир давомида билдирилган таклифлар, фикрлар ва амалий тавсиялар юридик таълимни модернизация қилиш, илмий фаолиятни кучайтириш, таълим — илм-фан — амалиётнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича аниқ стратегик йўналишлар ишлаб чиқилишига хизмат қилади.
Тошкент давлат юридик университети
Ўзбекча
English
Русский