Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ёшлар ҳуқуқлари ва тараққиётига бағишланган муҳокамалар
14–18 декабрь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиянинг 26-йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу сессия ИҲТ доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, шу жумладан ёшлар ҳуқуқларига оид масалаларни муҳокама қилишга қаратилган муҳим халқаро майдонга айланди.
Сессия доирасида “ИҲТга аъзо давлатларда ёшлар тараққиёти: инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан муаммолар ва имкониятлар” мавзусида юқори даражадаги тематик муҳокама ташкил этилди. Мазкур муҳокама ёшларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласини глобал ва минтақавий чақириқлар нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, ёшларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулиятини кучайтириш, шунингдек, уларнинг салоҳиятидан барқарор тараққиёт йўлида самарали фойдаланиш масалаларига бағишланди.
Муҳокамаларда ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқи, муносиб меҳнатга эга бўлиш, ижтимоий ҳимоя, соғлом муҳитда камол топиш, ахборотдан фойдаланиш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқлари инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида яна бир бор эътироф этилди. Шу билан бирга, ёшларни радикаллашувдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, тинчлик ва бағрикенглик ғояларини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ИҲТнинг Исломий давлатлар учун статистик иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ҳамда тренинглар маркази (SESRIC) маълумотларига кўра, ИҲТга аъзо давлатларда 15–24 ёш оралиғидаги ёшлар сони 381 миллион нафардан ортиқни ташкил этиб, бу рақам жаҳон ёшлари умумий сонининг тахминан 29 фоизига тенгдир. Бундай катта демографик салоҳият ИҲТ маконида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, инновациялар ва барқарор ривожланиш учун улкан имкониятларни яратади.
Шу билан бирга, мазкур демографик ўсиш инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қатор тизимли ва таркибий муаммоларни ҳам юзага чиқармоқда. Айниқса, таълим, бандлик ва сиёсий иштирок соҳаларида мавжуд номутаносибликлар ёшларнинг жамият ҳаётида тўлиқ ва самарали иштирок этишига жиддий тўсқинлик қилмоқда.
ИҲТга аъзо давлатлар учун умумий бўлган асосий муаммолар, жумладан:
-
ёшлар ўртасида ишсизлик даражасининг юқорилиги;
-
қарор қабул қилиш институтларида ёшларнинг етарли даражада иштирок этмаслиги;
-
замонавий технологиялар ва рақамли инфратузилмалардан фойдаланиш имкониятларининг чеклангани;
-
таълим соҳасида гендер тенгсизлик сақланиб қолаётгани;
-
қуролли можаролар, мажбурий кўчиш ва беқарорликнинг ёшлар ҳаётига салбий таъсири каби омиллардан иборат.
Бундай ҳолатда ёшларга оид масалаларга ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Хусусан, “ёшлар муаммолари” ҳақида сўз юритишдан – “ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш”га қаратилган ёндашувга ўтиш долзарб аҳамият касб этади.
Сессия доирасида можаролардан кейинги даврда ёшларни гуманитар тикланиш, жамиятни яраштириш, тинчликпарварлик ва барқарор ривожланиш жараёнларига жалб этиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Бу борада ёшларни фаол субъект сифатида эътироф этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувларни шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Мазкур тематик муҳокамаларда Ўзбекистон Республикасидан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор Мирзатилло Тиллабоев иштирок этди.
Профессор М.Тиллабоев ўз чиқишлари ва мулоқотларида Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Хусусан, миллий қонунчиликни халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига уйғунлаштириш, ёшлар сиёсатида инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни мустаҳкамлаш, миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг ёшлар билан ишлашдаги ўрни ва масъулияти ҳақида батафсил фикрларини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон тажрибаси мисолида ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этишга жалб қилиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали инсон ҳуқуқларини илгари суриш масалалари тематик муҳокаманинг муҳим қисми сифатида кўтарилди.
Иштирокчилар ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 26-сессияси доирасида ўтказилган мазкур тематик муҳокама ИҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар, миллий инсон ҳуқуқлари институтлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасида конструктив мулоқотни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ёшлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган умумий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади, деган якдил тўхтамга келдилар.
Тематик муҳокама натижалари асосида махсус якуний ҳужжат қабул қилиниб, унда ёшлар ҳуқуқларини илгари суриш, институционал ҳамкорликни кучайтириш ва амалий тавсиялар акс эттирилди. Якуний ҳужжат матни ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилиниб, аъзо ва кузатувчи давлатларга электрон шаклда тарқатилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский