Тошкентда халқаро инсон ҳуқуқлари ҳуқуқи бўйича “Қишки мактаб” тадбири ўтказилди

15–19 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро юристлар комиссияси (International Commission of Jurists — ICJ) томонидан халқаро инсон ҳуқуқлари ҳуқуқига бағишланган “Қишки мактаб” тадбири ўтказилди. Тадбир Тараққиёт стратегияси маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий офиси ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Қишки мактаб”да мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан судьялар, адвокатлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтлар ходимлари ҳамда академик доира вакиллари иштирок этди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари мазкур ўқув дастурида офлайн ва онлайн тарзда қатнашди.

 Дастур доирасида миллий амалиётда халқаро инсон ҳуқуқлари ҳуқуқи ва стандартларини қўллаш масалалари, айниқса БМТнинг шартнома органлари фаолияти ва уларнинг тавсияларидан фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу жараёнда инсон ҳуқуқлари бўйича универсал халқаро шартномалар, уларнинг БМТ шартнома органлари томонидан талқин қилиниши ҳамда миллий даражада ушбу ҳужжатлар ва Якуний тавсияларнинг қўлланилишини ёритишга алоҳида эътибор қаратилди.

Машғулотлар ICJ экспертлари, шунингдек БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича қўмита аъзолари томонидан олиб борилди. Бу, ўз навбатида, иштирокчиларга давлатларнинг халқаро инсон ҳуқуқлари мажбуриятлари ижроси устидан назоратни амалга оширувчи мутахассислар билан бевосита мулоқот қилиши имконини берди.

Суд ҳокимияти мустақиллиги, адолатли судлов ҳуқуқи, камситилмаслик, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани тақиқлаш каби фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, шунингдек таълим, соғлиқни сақлаш ва муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқлар каби иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳам батафсил кўриб чиқилди. Аёллар, болалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг моҳияти ва аҳамияти чуқур таҳлил этилди.

“Қишки мактаб” дастури 19 декабрь куни миллий суд жараёнларини моделлаштириш бўйича “moot court”, яъни саҳналаштирилган юридик машғулот билан якунланди. Иштирокчилар фикрича, ушбу машғулот иштирокчиларнинг халқаро стандартларни аниқлаш ва уларни миллий даражадаги суд амалиётида қўллаш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech