БАСКЕТБОЛ – САЛОМАТЛИК, ДЎСТЛИК ВА БИРДАМЛИК РАМЗИ
21 декабрь – Бутунжаҳон баскетбол куни
1891 йил 21 декабрь... Асли канадалик бўлган жисмоний тарбия ўқитувчиси Жеймс Нейсмит ўзи меҳнат қиладиган АҚШнинг Массачусетс штати Спрингфилд шаҳридаги коллеж талабалари қишда шуғулланишлари учун янги ўйин ўйлаб топди. Ўйин қоидалари оддий эди: юқорида жойлашган саватга тўпни қўл билан отиб тушириш керак. Баскетбол (инглизча “basket” – “сават”, “ball” – “тўп”) деб номланган бу ўйин бугунги кунда миллионлаб инсонлар қалбини забт этган улкан спорт турига айланди.
Орадан 132 йил ўтиб, 2023 йил 25 августда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси махсус резолюция қабул қилиб, баскетбол ўйини ўйлаб топилган сана 21 декабрни Бутунжаҳон баскетбол куни деб эълон қилди. Бу орқали БМТ спортнинг, хусусан, баскетболнинг тинчлик, тараққиёт, инсон ҳуқуқлари, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашдаги ролини эътироф этди. Резолюцияда барча давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари ушбу кунни турли тадбирлар, тарғибот ишлари, оммавий ўйинлар ва таълимий лойиҳалар орқали нишонлашга чақирилган. Мақсад – ҳар бир инсонга баскетбол орқали соғлом ҳаёт, ҳамжиҳатлик ва ҳурмат ғоясини етказишдир.
Аҳоли орасида баскетбол спортини оммалаштириш Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳам мувофиқ келади. Масалан, машғулотлар билан мунтазам шуғулланиш инсонда жисмоний фаолликни оширади, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди ва асабийликни камайтиради. Бу, ўз навбатида, Барқарор ривожланишнинг 3-мақсади – инсонларнинг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ҳисса қўшади. Баскетбол инсонда жамоавий ўйин, интизом, вақтни бошқариш ва раҳбарлик кўникмаларини шакллантиргани учун таълим муассасаларида жисмоний тарбия фани доирасида ўргатилади. Шу тариқа Барқарор ривожланишнинг 4-мақсади – инсонларнинг сифатли таълим олишига кўмаклашади. Баскетбол билан эркаклар ва аёллар бирдек шуғулланиш имконига эга эканликлари эса Барқарор ривожланишнинг 5-мақсади – гендер тенгликка эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Халқаро баскетбол уюшмаси маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб юз миллионлаб одамлар баскетбол ўйнайди. 1936 йилдан бери баскетбол Олимпия ўйинларининг доимий қисми ҳисобланади. Шимолий Америка, Европа ва Осиёда йирик чемпионатлар ўтказилади, Африка қитъасида ҳам махсус лига йўлга қўйилган. Шунга қарамай, баскетболнинг асл кучи фақат катта ареналарда эмас, балки маҳалла майдончаларида, мактаб спорт залларида ва ҳовлиларда ўйналаётган оддий ўйинларда намоён бўлади.
Баскетбол аёллар ўртасида ҳам оммалашган спорт туридир. 1976 йилда ўтказилган Монреаль Олимпиадасида илк бор аёллар баскетболи Олимпия ўйинлари дастурига киритилган. Бугунги кунда аёллар йирик мусобақаларда қатнашмоқда, кўплаб қизлар баскетбол орқали соғлом ҳаёт тарзини танламоқда ва катта марраларни кўзламоқда. Бу эса аёллар ва эркаклар тенглиги ғоясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон тажрибасига назар ташласак, баскетбол бизнинг юртимизда ҳам ёшлар тарбияси ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим ўрин эгаллаётганини кўрамиз. Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси Осиё кубоги ҳамда кўплаб халқаро мусобақаларда мунтазам иштирок этиб келади. Эришилган натижалар йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Масалан, баскетболнинг 3х3 тури бўйича 2017 йилда Ашхободда ўтказилган қитъа мусобақасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси кумуш медални қўлга киритган.
Мамлакатимизда ҳам Бутунжаҳон баскетбол куни кенг нишонланади. Спорт мактаблари, университетлар, давлат ва нодавлат ташкилотларда ушбу халқаро сана муносабати билан баскетбол бўйича ўртоқлик ўйинлари ёки кичик мусобақалар ташкил этилади.
Албатта, Бутунжаҳон баскетбол куни, аввало, баскетболнинг инсонлар ҳаётидаги ижобий таъсирини эслатиб туради. Баскетбол – бу шунчаки тўпни ҳалқага ташлаш эмас, у инсонга дўстлик, бирдамлик ва ҳурматни ўргатувчи катта мактабдир. Битта майдонда турли миллат, тил ва дин вакиллари ёнма-ён ўйнаб, бир мақсадда жамоасининг ғалабаси учун ҳаракат қилади. Шу жараёнда улар бир-бирини, энг аввало, инсон сифатида ҳурмат қилишни ўрганади.
Баскетбол афсонаси Майкл Жордан шундай деган эди: “Мен мағлубиятни қабул қила оламан, чунки ҳар ким нимададир ютқазади. Аммо уриниб кўрмасликни қабул қила олмайман”. Бу сўзлар баскетболда ҳам, ҳаётда ҳам энг муҳими натижа эмас, балки интилиш эканини эслатади. Бутунжаҳон баскетбол куни ёшларни ўз мақсадига эришиш учун қўрқмасдан уриниб кўриш кераклигига ундайди.
Майдонда берилган ҳар бир узатма, ҳалқага тушган ҳар бир тўп ва ўйин охирида қўл сиқиб хайрлашиш – буларнинг барчаси янада тинч, дўстона ва адолатли келажак сари кичик бўлса-да, муҳим қадамдир. Шу боис, 21 декабрь – Бутунжаҳон баскетбол куни бизга баскетболни севиш билан бирга яхшироқ келажак учун ўз ҳиссамизни қўшиш зарурлигини ҳам эслатиб туради.
Назира ЮНУСОВА,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали мутахассиси
Ўзбекча
English
Русский