Болаларга нисбатан Интернетдан фойдаланиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Бундай норма 18-19 декабрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи  ялпи мажлисида кўриб чиқилган ҳамда маъқулланган “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилган.

Сенат ялпи мажлисида таъкидланганидек, мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, жиноят процессида гувоҳ сифатида жалб этишнинг аниқ механизмларини белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларга нисбатан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. 

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун жиноятларнинг олдини олишга, содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Сенатнинг Ахборот хизмати маълум қилишича, ўн иккинчи  ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 26 та масала, шу жумладан, 19 та қонун кўриб чиқилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech