Зўравонликдан жабрланган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади
Президент фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Унда белгиланишича, 2026 йил 1 февралдан бошлаб, зўравонлик оқибатида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.
Фармонда қайд этилишича, профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади.
Профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади.
Дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;
Мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ва Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси тугатилади. Давлат муассасаси шаклида Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази ҳамда унинг Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларида минтақавий бўлинмалари ташкил этилади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслари) учун «меҳрли оила» хизмати ташкил этилади.
«Меҳрли оила» хизматига жалб қилинган ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) фарзандларининг психофизик хусусиятларини инобатга олган ҳолда оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун «оилавий терапия» хизматлари бепул кўрсатилади.
Kun.uz
Ўзбекча
English
Русский