Мақсадли индикаторлар ижроси кўриб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “2025 йил давомида бюджет харажатларининг мақсадли индикаторлари ижроси бўйича амалга оширилган ишлари тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.
Йиғилишда ушбу вазирлик ва идоралар томонидан мақсадли индикаторларга эришиш борасидаги ижобий натижалар эътироф этилди. Шунингдек, ижроси тўлиқ ёки қисман бажарилган мақсадли индикаторларнинг бажарилишига таъсир кўрсатаётган омиллар мутахассислар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумотига кўра, мақсадли индикаторлар ижроси бўйича ўтган йилда бюджет ташкилотларида ишловчи 1,3 миллион хотин-қизларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари учун зарур маблағ ажратилган.
Бюджет ташкилотларида ишловчи 162 мингга яқин аёлларга ҳомиладорлик нафақаси учун режага кўра, маблағлар йўналтирилган. Хусусий секторда ишловчи аёллар ҳам қўллаб-қувватланиб, уларнинг 12,3 мингтасига бюджетдан тегишли маблағ ажратилган. Қолаверса, ишсиз ва иш қидираётган хотин-қизларни касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 259,6 минг хотин қизлар учун зарур маблағлар йўналтирилган.
Муҳокамалар давомида вазирликнинг мақсадли индикаторлар бажарилиши бўйича эришилган ижобий натижалар тақдим этилган бўлсада, айрим вазифалар ижроси ҳақида маълумот йўқлиги депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Эшитув давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Хусусан, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишини таъминлаш бўйича мурожаатларнинг 1228 та, яъни мақсадли индикатор кўрсаткичидан 172 тага кам бўлиши мамлакатимизда ушбу соҳадаги ижобий ўзгаришларнинг натижаси сифатида қайд этилди.
Дин ишлари бўйича қўмита ахборотида келтирилганидек, диний-маърифий соҳани ривожлантириш мақсадида бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурлари мақсадли индикаторларининг ижроси борасидаги фаолият юзасидан қўмита расмий веб-сайтида ҳисоботлар жойлаштириб келинган.
Йиғилишда депутатлар томонидан мақсадли индикаторларнинг ижроси тўлиқ бажарилмаган ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича ҳар бир вазирлик, идоралар томонидан чуқур таҳлиллар ўтказилиши юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига ҳар бир вазирлик
ва идораларнинг мақсадли индикаторлари ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботларни тизимли назоратга олиб бориш ҳамда бу борадаги ишларнинг сифатини ошириш тавсия этилди.
Якунда кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекча
English
Русский